“Титаник” йўловчисининг хати 12 минг долларга сотилди
Олам
−
01 Июль 2023
9224Машҳур “Титаник” кемасининг уругвайлик йўловчиси Рамон Артагавейтиа Гомеснинг оиласига юборган сўнгги мактуби аукционда 12 минг долларга сотилди. Бу ҳақда Zorrilla аукцион уйи вакилига таяниб, РИА Новости хабар берди.
Аукцион Монтевидеода бўлиб ўтди. Сотилган хат уч варақда қўлда ёзилган. Гомес уни 1912 йил 12 апрелда Ирландиядан жўнатган. У ерда лайнер Атлантика океани сувларига чиқишдан олдин охирги марта тўхтаган. Икки кундан сўнг “Титаник” айсберг билан тўқнашиб, чўкиб кетган.
Мактубда Артагавейтиа Гомес укасига Қўшма Штатларга етиб боришини интиқлик билан кутаётганини ҳамда илк сафарини амалга ошираётган 45 минг тонналик йўловчи кемасининг ўлчамига “мафтун бўлганини” ёзган.
“[Кема ташқарисидан] тепага қарасам, худди беш қаватли уйнинг этагида тургандек эдим. Кириш чоғида 50 га яқин ходимлар кутиб турарди. Бири чамадонларимни олди, биз эса лифтда хонам жойлашган “Б” қаватга ko'tarildik... Овқатланиш хонаси “Д” қаватда, пастроқда эса бошқалар бор”, дейилади хатда.
Шунингдек, уругвайликнинг 1909 йилда олинган сурати ҳам аукционга қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 июнь куни бортида беш йўловчи билан Титаник ҳалокатга учраган жойга тушган “Титан” сув ости кемаси ғойиб бўлиб, унинг экипажи ўлган деб топилган эди.
LiveБарчаси