“Титаник”га тегишли меню аукционга қўйилди

Бу қизиқ

image

Дунёга машҳур “Титаник” кемасининг қолдиқлари орасидан топилган ноёб биринчи тоифали меню ҳалокатдан 111 йил ўтиб, аукционда сотувга қўйилди. Бу ҳақда “Euronews” нашри хабар берди. 

Ушбу меню кема Куинстаун шаҳридан сузиб кетганидан кейин бортдаги биринчи кечки овқат қандай бўлгани ҳақида маълумот беради. Унга кўра, 1912 йил 11 апрелга ўтар кечаси кечки овқатга устирица, қизил икра, мол гўшти, қўзичоқ гўшти, ўрдак, ўрикли ширинлик, Виктория пудинги ва француз музқаймоқлари тортилган.

Менюнинг узунлиги 16 см, эни эса 11 смни ташкил этади. Қоғознинг юқори қисмида қип-қизил байроқда оқ юлдузнинг тасвири бўртма қилиб тушурилган. Билдирилишича, ўша кеча учун биринчи даражали менюнинг бошқа сақланиб қолган намуналари йўқ. 

Маълумотларга кўра, меню ҳозирда 60-70 минг фунт стерлингга (73-86 минг АҚШ доллари) сотилиши кутилмоқда.

Шунингдек, кимошди савдосида кемага тегишли яна бир неча буюмлар ҳам қўйилади. Улар орасида иккинчи тоифали йўловчи сифатида саёҳат қилган россиялик Синай Канторга тегишли чўнтак соати ва омон қолганлардан бири қутқарув қайиғида исиниш учун фойдаланган чойшаб ҳам бор. У 100 минг фунт стерлинггача (122 минг АҚШ доллари) сотилиши кутилмоқда. Аукцион эртага, 11 ноябрь куни бўлиб ўтади.  

Маълумот учун, “Титаник” 1912 йил 15 апрелнинг эрта тонгида чўкиб кетган. Бортдаги 2 минг 223 йўловчи ва экипаж аъзоларидан фақат 706 нафари тирик қолган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Титаник” кемасининг уругвайлик йўловчиси Рамон Артагавейтиа Гомеснинг оиласига юборган сўнгги мактуби аукционда 12 минг долларга сотилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Титаник соат меню чойшаб

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг