Тихановская Беларусь халқига ёрдам бериш мақсадида АҚШга боради
Олам
−
16 Июль 2021
4438Беларусь мухолифати етакчиси ва Беларусь президентлигига собиқ номзод Светлана Тихановская жорий йилнинг 18 июль куни АҚШга амалий ташриф билан жўнаб кетади. Бу ҳақда унинг Telegram каналида хабар берилган.
Таъкидланишича, сиёсатчи АҚШга ташрифи чоғида Вашингтон, Нью-Йорк ва Калифорнияга боришни режалаштирган. Собиқ президентликка номзод сиёсатчилар, экспертлар ва диаспора вакиллари билан юқори даражадаги учрашувлар ўтказмоқчи.
Қайд этилишича, унинг сафаридан мақсад Беларусдаги инқирозни ҳал қилиш йўлларини излаш ва Беларусь халқига ёрдам беришдир. Аниқлик киритилишича, Қўшма Штатларга ташриф дастури ишлаб чиқилмоқда, Тихановская жамоаси имконият туғилиши биланоқ аниқ учрашувларни эълон қилиши айтилган.
Аввалроқ, Литва Тихановскаяни Минскга топширишдан бош тортгани ҳақида хабар бергандик.
Эслатиб ўтамиз, Литва мамлакатда ўтган йилнинг августидан буён бўлиб турган Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановскаянинг идорасига расмий дипломатик мақом берган эди.
Маълумот ўрнида, сўнгги вақтларда Беларусда ички сиёсий мувозанат бузилган. Бунинг илдизи 2020 йилнинг август ойида мамлакатда бўлиб ўтган президентлик сайловларига бориб тақалади. Сайлов натижаларига кўра, 80 фоиз овоз билан Беларусни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко ғалаба қилди. Бироқ ушбу натижалар аҳолининг катта қисмида шубҳа уйғотди ва мухолифатнинг чақируви билан мамлакатда намойишлар бошланди.
Бир неча ой давом этган митинг ва маршлар ҳеч қандай фойда келтирмади. Лукашенко ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолди. Мухолифат ҳамда унинг кўплаб тарафдорлари эса Польша, Литва каби Европа давлатларига қочиб кетди ва у ердан сиёсий бошпана топди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь