Тихановская АҚШга сафари ҳақида гапирди 

Олам 5769
image

АҚШ расмийлари расмий Беларусь раҳбариятига янги санкцияларни жорий этиш бўйича ҳали қарорга келмаган. Бу ҳақда Беларусь президентлигига собиқ номзод Светлана Тихановская Америка Қўшма Штатларига сафари ҳақида гапириб, маълумот берди.  

Унинг сўзларига кўра, АҚШ расмийлари расмий Беларусь раҳбариятига янги санкциялар масаласида ҳали аниқ жавоб бермаган. У Вашингтонда бўлиб ўтган музокараларда санкциялар мавзуси муҳим аҳамият касб этганини таъкидлаган.

“Яқин келажакда Қўшма Штатлар бизнинг учрашувимизга муносабат билдиради, деб умид қиламан”, деган сиёсатчи. 

Тихановскаянинг қўшимча қилишича, у АҚШдаги учрашувларда Республикада оммавий митинглар тўхтатилганига қарамай, Беларусь мухолифатининг қўллаб-қувватлаши қанчалик муҳимлигини тушунтиришга ҳаракат қилган. Шу билан бирга, собиқ номзод бундай музокаралар пайтида бирон бир ваъда бериш қийинлигини таъкидлаган. 

Эслатиб ўтамиз, Тихановская жорий йилнинг 18 июль куни Қўшма Штатларга келган ва у ерда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен, АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан, Сенат қўмитаси раиси ва АҚШнинг Беларусдаги элчиси Жули Фишер билан учрашган. 

Аввалроқ, Тихановская АҚШ Президенти Жо Байден билан учрашмоқчи экани, Байденнинг жадвалида эса ушбу “учрашув” йўқлиги ҳақида хабар бергандик.  

Маълумот ўрнида, сўнгги вақтларда Беларусда ички сиёсий мувозанат бузилган. Бунинг илдизи 2020 йилнинг август ойида мамлакатда бўлиб ўтган президентлик сайловларига бориб тақалади. Сайлов натижаларига кўра, 80 фоиз овоз билан Беларусни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко ғалаба қилди. Бироқ ушбу натижалар аҳолининг катта қисмида шубҳа уйғотди ва мухолифатнинг чақируви билан мамлакатда намойишлар бошланди. 

Бир неча ой давом этган митинг ва маршлар ҳеч қандай фойда келтирмади. Лукашенко ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолди. Мухолифат ҳамда унинг кўплаб тарафдорлари эса Польша, Литва каби Европа давлатларига қочиб кетди ва у ердан сиёсий бошпана топди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 107
Рейтинг: 3
t
×