“The Heritage Foundation”: Ўзбекистон иқтисоди эркин бўлмаган давлатлар қаторида қолди

Жамият

image

Америка Қўшма Штатларининг “The Heritage Foundation” ташкилоти томонидан юритиладиган “Иқтисодий эркинлик” индексининг 2020 йил учун ҳисоботида Ўзбекистон 57,2 балл билан 114-ўринни эгаллади (2019 йилда 53,3 балл билан 140-ўрин).

Молия вазирлигининг таъкидлашича, мазкур индекс хорижий инвесторлар томонидан доимий равишда кузатиб борилади ва Ўзбекистоннинг индексдаги ўрни юқорилаши тадбиркорлик муҳитига ижобий таъсир кўрсатиб, тўғридан-тўғри инвестициалар оқимини ошишига хизмат қилади.

“Иқтисодий эркинлик” индекси тўртта асосий йўналиш бўйича 12 та таркибий кўрсаткичдан ташкил топган бўлиб, Мулкчилик ҳуқуқи, Суд фаолияти самарадорлиги, Давлатнинг яхлитлиги, Солиқ юки, Давлат харажатлари, Фискал саломатлик, Бизнес эркинлиги, Меҳнат бозори эркинлиги, Монетар эркинлик, Савдо эркинлиги, Инвестициялар эркинлиги ва Молиявий эркинлик каби соҳаларда жаҳон мамлакатларини 0 дан (энг паст) 100 гача (энг юқори) бўлган шкалада баҳолайди.

Ўзбекистон мазкур индекснинг қуйидаги таркибий кўрсаткичларида энг юқори ўсишга эришди:

Инвестициялар эркинлиги – 20,0 балл (+10 балл);

Молиявий эркинлик – 20,0 балл (+10 балл);

Мулкчилик ҳуқуқи – 59,1 балл (+9,3 балл).

“Иқтисодий эркинлик” индексининг таркибий кўрсаткичлари бўйича Ўзбекистоннинг натижалари қуйидаги жадвалда келтирилган:

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ўтган йилга нисбатан 26 поғонага юқорилаб, МДҲга аъзо мамлакатлар орасида энг жадал ўсишни қайд этди. Бироқ ҳамон иқтисоди асосан мустақил бўлмаган давлатлар қаторида қолди. Индексда энг юқори ўринларни Сингапур (1-ўрин), Гонконг (2-ўрин), Янги Зеландия (3-ўрин), Австралия (4-ўрин), Швейцария (5-ўрин), Ирландия (6-ўрин) эгаллади. Айни шу давлатлар иқтисодий эркин давлатлар қаторидан жой олган.

МДҲга аъзо давлатлардан Қозоғистон (39-ўрин), Озарбайжон (44-ўрин), Қирғизистон (81-ўрин), Молдова (87-ўрин), Беларусь (88-ўрин), Россия (94-ғўрин) иқтисодий нисбатан мустақил давлатлар қаторидан жой олган. Тожикистон 155-ўринни эгаллаб, Ўзбекистон каби иқтисоди асосан мустақил бўлмаган давлатлар қаторида турибди. Туркманистон эса 170-ўринни эгаллаб, иқтисодий бутунлай "бўғиб" қўйилган давлатлар қаторида қолган. Арманистон эса 34-ўринни эгаллаб, иқтисодий асосан мустақил бўлган давлат сифатида эътироф этилган.

Маълумот учун, “The Heritage Foundation” нуфузли иқтисодий таҳлил маркази томонидан 180 та давлатнинг “Иқтисодий эркинлик” индекси 1995 йилдан буён таҳлил қилинади.


Мақола муаллифи

Теглар

индекс иқтисодий эркинлик

Баҳолаганлар

72

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг