Террорчилар ШҲТга аъзо давлатлар чегараларига тобора яқинлашмоқда

Жамият 8437
image

“Ислом давлати” халқаро террорчилик ташкилоти тармоқларга ёйилиб ҳаракатланиш тамойилига ўтган. Бунинг оқибатида дунёнинг бир қатор ҳудудларида, биринчи навбатда, Яқин Шарқ ва Афғонистонда хавфсизлик соҳасидаги вазиятнинг кескинлашуви билан боғлиқ янги таҳдид ва хатарлар юзага келмоқда. Бу ҳақда жорий йилнинг 6-7 ноябрь кунлари пойтахт Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг (ШҲТ МАТТ) “Терроризмга қарши кураш – чегара билмас ҳамкорлик” мавзусидаги еттинчи халқаро илмий-амалий конференциясида айтилди. 

Анжуманда ШҲТга аъзо давлатларнинг ваколатли органлари, кузатувчи ва мулоқот бўйича шерик мамлакатлар, ШҲТ котибияти ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
 
Конференцияда халқаро террорчилик ташкилотлари туғдираётган замонавий таҳдид ва хатарларга қарши кураш борасидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди, терроризм ва экстремизмга қарши кураш соҳасида илғор тажриба билан ўртоқлашилди. Халқаро терроризм ва экстремизм ҳар қандай шакл ва кўринишда тинчлик ва хавфсизликка таҳдид уйғотаётгани ҳақида якдил фикр билдирилди, деб ёзмоқда ЎзА. 
 
Халқаро террорчилик ташкилотларининг қурол-яроғ ва ҳарбий техниканинг янги турларини, геолокация ва йўлдошли алоқа воситаларини харид қилиш, террористик фаолиятни амалга ошириш учун учувчисиз бошқариладиган қурилмалар, сунъий интеллект технологиялари ва ахборот-коммуникация ютуқларидан фойдаланиш борасидаги уринишларига эътибор қаратилди.
 
Афғонистон ҳудудида ўрнашиб олган халқаро террорчилик ташкилотлари вакиллари ШҲТга аъзо давлатлар чегараларига тобора яқинлашаётгани, шунингдек, ўзлари келиб чиққан мамлакатга қайтиб, “ухлаб ётган” хатарли нуқталарни қайта жонлантираётгани ташвиш уйғотмоқда.
 
Анжуманда бу каби хатарларни бартараф этиш мақсадида жангарилар оила аъзоларини келиб чиққан давлатига қайтариш ва реабилитация қилишни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 ноябрь куни соат 3:23 да юзига ниқоб таққан 20 нафар қуролланган жангарилар Тожикистоннинг “Султонобод” чегара отряди ҳарбий қисмига қарашли 4-“Ишкобод” чегара пунктига қуролли ҳужум уюштирилди. Қуролли тўқнашув натижасида уларнинг 15 нафари йўқ қилинган, 5 нафари қўлга олинган. Тўқнашув вақтида Тожикистон ИИВ ходими ва бир аскар ҳам ҳалок бўлган. Кейинроқ, ушбу қуролли ҳужум ИШИД террористик гуруҳи жангарилари томонидан амалга оширилгани айтилди.

Маълумот ўрнида, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари ташаббуси билан 2001 йилда ташкил этилган эди. 2017 йилда ШҲТга Ҳиндистон ва Покистон аъзо бўлди. Ҳозирги вақтда ШҲТда кузатувчи давлатлар: Афғонистон, Беларус, Эрон ва Мўғулистон, ҳамкор давлатлар – Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка.

Ташкилотнинг котибияти Пекинда, минтақавий аксилтеррорчилик тузилма Тошкентда ташкил этилган.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 282
Рейтинг: 2.9
t
×