Теракт таҳдиди туфайли Тейлор Свифтнинг концертлари бекор қилинди
Олам
−
08 Август
4858Америкалик эстрада юлдузи Тейлор Свифтнинг Венада бўлиб ўтадиган учта концерти ҳам бекор қилинди. Бу ҳақда кеча, 7 август куни кечки пайт шоу ташкилотчиси Barracuda Music хабар берди.
“Расмийлар Эрнст Ҳаппель стадионида режалаштирилган терактни тасдиқлаганлиги сабабли, барчанинг хавфсизлиги учун бизда режалаштирилган учта концертни бекор қилишдан бошқа иложимиз йўқ”, дейилади хабарда.
Австрия полицияси Вена ва Қуйи Австрия федерал ерининг Терниц шаҳрида содир этилган терактга тайёргарлик кўришда гумон қилинган икки шахс ҳибсга олингани ҳақида хабар берган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларининг сўзларига кўра, қўлга олинганлар Вена ва унинг атрофидаги оммавий тадбирларда терактлар уюштириш бўйича аниқ режаларга эга бўлган.
Тинтув чоғида хонадонлардан бирида кимёвий моддалар топилган ва ҳозирда унинг таркиби ўрганилмоқда. Ҳибсга олинганлардан бири, 19 ёшли Австрия фуқароси ИШИД террорчилик ташкилотининг амалдаги раҳбарига содиқликка қасамёд қилган.
Полиция ҳибсга олинган иккинчи шахс ҳақида ҳеч қандай маълумот бермади. “Куриер” газетасининг ёзишича, у эндигина 17 ёшда. Полициядаги манбаларнинг маълум қилишича, яна уч нафар гумонланувчи қидирилмоқда.
Австрия федерал канцлери Карл Нехаммер Тейлор Свифт концертлари атрофида жуда жиддий вазият борлигини эълон қилди.
“Полициямизнинг хорижий хизматлар билан фаол ҳамкорлиги туфайли хавфни ўз вақтида тан олиш, чора кўриш ва фожианинг олдини олиш мумкин бўлди”, деб ёзди у Х ижтимоий тармоғида.
Тейлор Свифтнинг Венадаги учта концертидан биринчиси бугун, 8 август куни бўлиб ўтиши керак эди. Ҳар бир томоша учун 60 мингга яқин чипта сотилган. Ташкилотчи чипталар учун пулни ўн иш куни ичида қайтаришга ваъда берди.
LiveБарчаси