Терговчилар “Straus House” таъсисчисидан бир миллион доллар талаб қилган...ми? (видео)
Таҳлил
−
27 Февраль 2020
16055Бугун, 27 февраль куни бир неча ойлардан бери жамоатчилик муҳокамасида бўлаётган “Straus House” мансабдорларига нисбатан жиноят иши бўйича суд жараёнлари бошланди. Унда QALAMPIR.UZ мухбири ҳам ҳозир бўлди.
Суд мажлиси аввалида тарафларга раислик қилувчи ва суд котиби таништирилди. Айбланувчиларга ҳуқуқ ва мажбуриятлар тушунтирилди. Айбланувчилар – “Straus House” МЧЖ таъсисчиси Иброҳим Исроилов, “Straus House” МЧЖ директори А.Махмуталиев, “Straus House” МЧЖ директори ўринбосари Д.Қутпиддинов ва МЧЖ бош ҳисобчиси О.Саидовга давлат томонидан ажратилган адвокатлар ҳам суд мажлисида ҳозир экани ва фойдаланиш ҳуқуқи ҳақида тушунча берилди.
Айбланувчилар А.Махмуталиев, Д.Қутпиддинов ва О.Саидовлар айблов хулосаларини олишмагани ҳақида айтишди. Судья бу ҳолат ҳақида адвокатлардан ҳам сўради. Ҳимоячилар томонидан ҳам маъқулланганидан сўнг, судья ушбу ноқулайлик учун қонун ҳимоячилари номидан узр сўради.
Суд мажлиси 2 март, душанба кунига қадар қолдирилди.
Суд мажлиси якунига етганидан сўнг, QALAMPIR.UZ мухбири айблануви – “Straus House” МЧЖ таъсисчиси Иброҳим Исроиловдан интервью олишга муваффақ бўлди. “Straus House” МЧЖ таъсисчиси терговга унга нисбатан тазйиқлар бўлганини айтмоқда. У шундай дейди:
УЛАРНИ КИМ ЎЙЛАЙДИ?
Терговчилар мени 10 миллион сўм зарар учун қамаб қўйишди. Бу пул нима деган нарса? Пастда машинадан ҳам олиб чиқиб беришади болалар. Мен қамалган бўлсам ҳам, компаниям ишлаб турди. Жўжалар берилди. Мени қамашса, офисга бориб компьютердан тортиб ҳамма хужжатларгача олиб чиқиб кетишса, биз қандай ишлаймиз? Тадбиркор бўлиб туриб, муттаҳамга чиқиб турибман.
Президентимиз икки нафар одамни иш билан таъминлаганни қўлида кўтаришини айтган. Бизнинг компанияда 100 нафар ходим ишлаган. Улар ишсиз қолди. Биз билан ҳамкорликда бўлган 700 нафар тадбиркорнинг эртанги кунга бўлган ишончи йўқолган. 318 нафар одам жўжа олмаган. 400 нафари жўжа олган-у, бироқ боқаётган жўжасини нима қилишни билмайди. Уларни ким ўйлайди?
ТЕРГОВЧИЛАР ПУЛ ТАЛАБ ҚИЛИШДИ
8539 дона жўжага пул тўлаганмиз. Қоғозда эса 4 мингдан ортиқ жўжага пул тўлаганимиз йўқ бўлмоқда. Бунга яна солиқ чиқяпти менга. 22 сентябрь куни суддан рухсат сўраган эдим. 26 сентябргача рухсат сўраганман. БААдан бўлган инвесторлар билан учрашгани боришим керак эди. Октябрь ойигача ҳамма қарзларни уза олардим. 21 сентябрь куни суд котиби чақириб турибди. Инвесторлар билан суҳбатда 20 миллион доллар устида гап кетаётган эди. Бу суд тугаганидан сўнг, хурсанд бўлдим. Кейинроқ тергов бўлимидан келиб тиқиб қўйишди.
Терговчилар пул талаб қилишди. 1 миллион доллар талаб қилишди. Тергов бўлими бошлиғи 1 миллион доллар талаб қилди. Мен коррупцияга қарши эканлигимни айтдим. Тергов давомида директор ҳисобимизда шунча пул борлигини айтган. Терговчилар мендан шуни талаб қилишди. Бу ахир халқнинг пули-ку. Қандай қилиб уларга бериб юбораман? Халқ менга ишонган ва уларнинг ишончи менга масъулият берган, мен буни доим ҳис қилиб келганман.
ТЕГИШЛИ ЖОЙЛАРГА УСТИНГИЗДАН АРЗ ҚИЛАМАН...
Директор, унинг ўринбосари ва ҳисобчи – улар оддий ишчи, уларнинг ҳеч бири бир сўм пулни қоплай олмайди. Бу ерда қоплайдиган одам фақат мен. Лекин имкон бермасдан қамаб юборишди. Мен тегишли жойларга устингиздан арз қиламан, дедим. Нега биздан пул талаб қиляпсизлар, нимага тадбиркорнинг ишига аралашяпсизлар, деб сўрагандим, 10 миллион сўм зарарни айтиб, қамаб қўйди.
Мана, судга келдик. Пулини бериб бўлган мижозларимизни ҳам санкция қоғозига киритган. Буни мен исботлаб бера оламан. Жўжа олиб бўлганларни ҳам судда ёзиб кўрсатилди. Мени муттаҳам қилиб кўрсатиб, шунча пулни еб кетди дейишяпти.
ТЕЛЕВИДЕНИЕДА ГАПИРИШГА МАЖБУРЛАШДИ
Мен раислик қилувчига “500 минг долларлик туяқушим турибди. Бу ерда эса зарар 1 миллиард 300 экан. Қолаверса, четга чиқариб қўйган пулларим бор, мени қўйиб юборинг, ушлаб турганингиз билан билан фойдаси йўқ”, десам ушлаб туришибди. Биз чиқиш, эҳтиёт чорасини ўзгартириш учун қанча ҳаракат қилдик. Ҳисоб рақамини беринг, депозитдаги пулларни қўямиз, чиқаринг мени, “оборот” синиб кетмасин, халқ пулига куймасин дедим.
Ололмаганлар майли, аммо жўжани олиб, боқиб, катта қилиб бир миллион сўмга ҳам сотолмаяпти. Чунки, бу бозорга олиб чиқиб сотиладиган нарса эмас. Буни махсус шаклда эскпортга йўналтирмаса, банкрот бўлади. Бу кетишда давом этса, бундан ҳам катта муаммолар келиб чиқади.
Тоштурмада икки ой ётдим. Кейин терговга чақиришди. “Ҳозир телевидениени чақирамиз, телевизорга чиқиб гапирасан, узр сўрайсан, ҳаммани алдадим, келинглар, ариза ёзинглар деб гапирасан”, дейишди. Бу нима деган гап? Мен ҳеч кимни алдаганим йўқ. Сизлар мени қамоққа олмаганингизда, октябрь ойигача ҳамма пуллардан узилардим. Ҳозир чиқаринг, 1,5-2 ойда ҳамма пуллардан узиламан, деб айтдим. Телевизорда шу гапни айтаман, дедим. Кейин телевизор масаласини тўхтатиб, шифохонада инсульт бўлиб ётган онамни олиб келиб, кўшз ўнгимда азоблашди.
ОДАМ ЎЛДИРГАН Ё ҲЕЧ КИМНИ АЛДАГАН ЭМАСМАН
Мен бугун суддан эҳтиёт чорасини ўзгартиришларини сўрамоқчи эдим. 1 ой-у 15 кун вақт беришсин. Халқдан ҳамма қарзимни узаман. Компанияни яна тиклайман. Ишчиларимни яна ишга қайтариб, ўзимиз яна давом этамиз. Мен, тадбиркорман. Одам ўлдирган ё ҳеч кимни алдаган эмасман. Ҳужжатларим бор. Мен қамалгандан кейин жўжаларнинг пуллари йўқ бўлиб кетди. Имконият беришсин, эҳтиёт чораларини ўзгартиришсин. Бу ерда ҳозир сал кам 1 миллион долларнинг иси чиқяпти. Ҳозир қайтган 2 миллиард пул бор, яна 6 миллиард пул етмайди. Агар эҳтиёт чорасини ўзгартиришмаса, қамалиб кетавераман. Менга бундай нарса керак эмас. Мени ҳам гулдек оилам бор. Қизини 18-19 йил вояга етказиб, менга ишониб топширган инсонлар бор. Қамалаётганимда 4 ойлик куёв эдим. Аёлимни бахтли қиламан, кўзидан ёш оқмайди деб уйланганман. Мени кўзимдан ёш оқмади ва аммо бошқаларнинг кўз ёшларига сабабчи бўляпман. Менга тинчлик керак, мен ваъдамни бажараман, менга вақт беришсин. Пулини ололмаганларга пулини қайтараман. Ундан кейин сотилган жўжаларимни қайта сотиб оламан. Бундан кейин ишла дейишса, ишлайман, ишламаса дейишса, ишламайман. Ўртада ваъдам бор. Биринчи навбатда пулини олмаганларга қарзимни қайтарай, иккинчи навбатда сотилган жўжаларни қайта сотиб олай”.
Таъкидлаш жоизки, бу сўзлар айбланувчи саналмиш Иброҳим Исроиловга тааллуқли ва таҳририят айтилган ҳолатларни ҳақиқат дейиш фикридан йироқдир. Халқ орасида бир нақл бор: чўкаётган одам хасга ҳам ёпишади. Ҳақиқат аслида қандай? Жабрланувчиларга зарар қоплаб бериладими? Бу оғриқли масалаларга якуний ва қонуний ҳукмни одил суд беради.
LiveБарчаси