“Темир Майк” қайси теннисчига мухлислик қилишини айтди
Спорт
−
22 Декабрь 2021
3020Профессионал бокснинг супероғир вазн тоифасида собиқ Жаҳон чемпиони, америкалик афсонавий боксчи Майк Тайсон ўзининг ўн икки ёшли теннисчи қизи ва Австралия очиқ чемпионатида кимга мухлислик қилишини айтиб ўтди.
“Бизнинг бутун ҳаётимиз теннис туфайли ўзгарди. Рингда пул ишлаб топганим қизимнинг кортдаги ўйинларга иштиёқи олдида деярли аҳамиятсиз бўлиб қолади. Мен унинг шахс сифатида ўсиб бораётганини кўряпман. Агар у теннис ўйнамаганида бундай бўлмасди. Айни пайтда энг яхши спортчиларга келсак, Новак Жоковичга мухлислик қиламан. Агар у билан ҳаммаси жойида бўлса, демак, ўйинларидан роҳат олишимиз мумкин. Австралия очиқ чемпионатида унга мухлислик қиламан. Чунки у Рафаэль Надал ва Рожер Федерер каби теннисчиларни мағлуб этган. У – ҳақиқий жангчи”, дейди Тайсон.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрь ойида “Темир Майк” Россия фуқаролигига эга бўлган америкалик Рой Жонсга қарши кўргазмали жанг ўтказган эди. Жаҳон бокс афсоналари жанги АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтган ва тўлиқ саккиз раунддан сўнг ҳакамлар дуранг натижа қайд этган.
Маълумот учун, Тайсон проф боксда 58 та жанг ўтказиб, 50 та ғалаба қайд этган. Жокович эса 20 марта “Катта дубулға” туркумидаги мусобақаларда бош совринни қўлга киритган. ATP рейтингида 1-ўринни эгаллаб турибди.
LiveБарчаси