Telegram жаримага тортилди
Технология
−
26 Январь 2023
16967Бразилия Олий суди судьяси Александр де Мораес суд қарорини бажармагани учун Telegram мессенжерини 1,2 миллион реал (тахминан 237 минг АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортди. Бу ҳақда “3D News” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Бразилия пойтахтида мамлакат собиқ президентининг тарафдорлари томонидан январь ойи бошида уюштирилган тартибсизликлар бўйича тергов доирасида қабул қилинган суд қарорида Telegram’га бешта аккаунтни блокировка қилиш буюрилган. Текширув давомида маълум бўлишича, баъзи сиёсатчилар ва инфлюэнсерлар (таъсир кўрсатувчилар) Telegram аккаунтларидан жамиятда амалдаги ҳокимиятга нисбатан нафрат уйғотиш ҳамда қонунни бузишга чақириш мақсадида фойдаланган.
Ушбу қарорга қарамай, Telegram конгрессмен Николас Феррейранинг аккаунтини блокламаган. Суд мессенжер маъмуриятини тергов доирасида қабул қилинган ва жарима солиш учун асос бўлган қарорни шубҳа остига қўйганликда айблаган.
“Тегишли хизмат кўрсатувчи провайдерлар томонидан шартларга қасддан риоя қилмаслик холисона тергов қилинаётган жиноятларнинг давом этиши билан келишилганлигини кўрсатади”, дейилади суд қарорида.
Манбага кўра, Telegram суд қарори тасдиқланганидан кейин беш кун ичида жаримани тўлаши керак. Бироқ мессенжернинг расмий вакиллари ҳалигача бу масалага изоҳ бермаган.
Ўтган йилнинг март ойида судья Мораес нотўғри маълумот тарқатган аккаунтларни блоклашни мессенжер қайта-қайта рад этгани учун Бразилияда Telegram’ни тўхтатиб туришга қарор қилган эди. Бир неча кундан кейин Telegram қоидабузарларнинг аккаунтларини блоклаб қўйгач, судья қарорни бекор қилган.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси