Telegram орқали одамларни чув туширган ФДУ талабаси қўлга тушди

Жамият

image

Тошкент шаҳрида Telegram мессенжери орқали фирибгарлик қилиб юрган шахснинг фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда ИИВ Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Пойтахтнинг Юнусобод туманида яшовчи, “Next” савдо мажмуасида сотувчи бўлиб ишловчи, 1999 йилда туғилган Жаҳонгир У. (барча шахсларнинг исм-фамилияси ўзгартирилган) исмли шахснинг банк пластик картасидан 2.020.000 сўм миқдоридаги пулларини номаълум шахс “Telegram” ижтимоий тармоғидаги “Click va UzCard rasmiy Dilleri” номли аккаунти орқали номаълум йўллар билан ечиб олади. Воқеа жорий йилнинг 10 май куни содир бўлади.

Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор-қидирув ҳамкорлиги бўлими ва Юнусобод тумани ИИО ФМБ Жиноят қидирув бўлими ходимлари билан ҳамкорликда тезкор суриштирув ишлари олиб борилади. Натижада Фарғона вилояти, Бешариқ туманида доимий рўйхатда турувчи, шу туманда жойлашган мактабгача таълим муассасасида инглиз тили ўқитувчиси, Фарғона давлат университети талабаси, 1999 йилда туғилган фуқаро Пиримқул Ж. аниқланиб, ушланади.

Маълум бўлишича, Пиримқул Ж. жиноий ҳаракатларини амалга ошириш ва жиноят изларини яшириш мақсадида, май ойининг бошларида “Samsung J” русумли телефон аппарати ҳамда интернет тармоғи орқали АҚШда рўйхатга олинган +1(747)251-5148 SIP телефон рақамига “Telegram” ижтимоий тармоғида “Click va UzCard rasmiy Dilleri” номли аккаунтни рўйхатга олади. 

Шундан сўнг, Click ва UzCard ташкилотлари номидан “Telegram” ижтимоий тармоғида мавжуд канал ва гуруҳ обуначиларни ишончига кириб, алдов йўли билан обуначиларга тегишли бўлган банк пластик карталарининг маълумотларини олишни бошлайди. Банк пластик карталарда бўлган барча маблағларни яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, интернет тармоғи орқали Р2Р халқаро пул ўтказмалар тизимига уланади ва маблағларни ечиб ола бошлайди. Жиноий йўл билан топилган жами 8.000.000 сўм миқдоридаги маблағни интернет тармоғи орқали легаллаштириб, отаси вақтинча ишсиз, 1968 йилда туғилган Диёр А.нинг номига Миллий банк томонидан расмийлаштирилган Виртуал банк пластик картасига ўтказиб туради.

“Фуқаро Пиримқул Ж.нинг олдида бўлган “Samsung J” русумли телефон аппарати кўздан кечирилганда, “Telegram” ижтимоий тармоғида Америка Қўшма Штатларида рўйхатга олинган +1(747)251-5148 SIP телефон рақамига боғланган “Click va UzCard rasmiy Dilleri” номли аккаунти, “ClickВОТ” аккаунтида виртуал банк пластик картаси борлиги аниқланиб, виртуал банк пластик картасида 20 май ҳолатига жами 19.283.000 сўм миқдорида маблағлар мавжудлиги аниқланиб, “Samsung J” русумли телефон аппарати ашёвий далил сифатида олиниб, тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўришлик учун Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимига топширилди”, дейилади хабарда.


Мақола муаллифи

Теглар

фирибгарлик

Баҳолаганлар

289

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг