Telegram АҚШга фойдаланувчи маълумотларини оммавий равишда тарқатишни бошлади

Олам

image

2024 йилда Telegram мессенжери АҚШ расмийларига 900 та сўровни бажариб, 2253 нафар фойдаланувчи ҳақидаги маълумотларни тақдим этди. Бу ҳақда “404 Media” ихтисослашган веб-сайти Telegram Transparency Reports боти маълумотларига таяниб хабар берди.

Ўтган йил 1 январдан 30 сентябргача Telegram АҚШдан “IP манзиллар ва/ёки телефон рақамларига” бор-йўғи 14 та сўров юборганини, бу жами 108 фойдаланувчига таъсир қилганини инобатга олсак, бу 2024 йилнинг август ойида Францияда мессенжер асосчиси Павел Дуров ҳибсга олингандан сўнг маълумотлар юборилганлар сонининг сезиларли даражада ошганидан далолат беради.

“The Moscow Times”нинг ёзишича, айни пайтда, Россиядан сўровлар бўйича бот 30 сентябрдан кейин маълумот бермайди, компания ҳисоботига кўра, 2024 йилнинг биринчи тўққиз ойида Telegram бирорта ҳам сўровни бажармаган.

“Bleeping Computer” ресурсининг таъкидлашича, Ғарб давлатлари мессенжерга фойдаланувчи маълумотларига оид сиёсатини ўзгартиришга босим ўтказишдан олдин Telegram фойдаланувчиларнинг IP манзиллари ва телефон рақамларини фақат террорчилик ҳолатларида ошкор қилган.

Бироқ кейинроқ Telegram'нинг махфийлик сиёсати ўзгартирилди ва Дуров кибержиноят, ноқонуний товарларни сотиш ва онлайн фирибгарлик каби жиноятлар содир этилган тақдирда фойдаланувчи маълумотларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга беришга ваъда берди.

“Агар Telegram тегишли адлия органларидан сизнинг ушбу мессенжер хизмати шартларини бузувчи жиноий фаолиятда гумон қилинаётганингизни тасдиқловчи қонуний ҳужжат олса, биз сўровни ҳуқуқий кўриб чиқамиз ҳамда сизнинг IP манзилингиз ва телефон рақамингизни тегишли ҳокимият органларига ошкор қилишимиз мумкин”, деган эди у.

Маълумот учун, 39 ёшли Павел Дуров ўтган йилнинг 24 август куни Ле Бурже аэропортида шахсий самолётидан тушган вақтида қўлга олинган эди. У мессенжердаги ноқонуний контентни қасддан тартибга келтирмаганликда айбланган. 28 август куни Дуров Париждаги ҳибсдан 5 миллион евро гаров эвазига озод қилинди. Унга Франциядан чиқиб кетиш тақиқланган ва ҳафтасига икки марта полицияга хабар бериб туриши шарт эди. Унга нисбатан бир нечта жиноятларни содир этишда гумон қилиниб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Улар орасида ноқонуний фаолият олиб бориладиган платформани бошқариш, расмийлар томонидан сўралганда маълумот беришдан бош тортиш, пул ювишда иштирок этиш, болалар жинсий жиноятлари, гиёҳванд моддалар савдоси ва фирибгарлик киради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров Франция ҳуқуқ-тартибот идоралари билан алоқа ўрнатгани ва уларга Telegram фойдаланувчиларининг шахсини аниқлаш мумкин бўлган маълумотларни узатишни бошлагани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Павел Дуров Telegram IP манзиллар Telegram Transparency Reports

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг