Дуров Telegram маълумотларини Франция разведкасига беришни бошлади – ОАВ
Олам
−
12 Сентябрь
13800Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров Франция ҳуқуқ-тартибот идоралари билан алоқа ўрнатди ва уларга Telegram фойдаланувчиларининг шахсини аниқлаш мумкин бўлган маълумотларни узатишни бошлади. Бу ҳақда бугун, 12 сентябрь куни Франциянинг “Libération” газетаси хабар берди.
Манбага кўра, яқин вақтгача Дуров хавфсизлик кучларининг сўровларини эътиборсиз қолдирган, аммо ҳозир Telegram улар билан “мисли кўрилмаган ҳамкорлик” олиб бормоқда ва сўровларга жавоб бермоқда.
"Эшик ҳақиқатан ҳам очилади", дея ҳамкорлик бошланганини тасдиқлади Париж прокуратурасининг кибержиноятчиликка қарши кураш бўлими бошлиғи Жоанна Бру.
“Libération” хабарига кўра, шу муносабат билан Франциянинг барча хавфсизлик кучларига Telegram’дан маълумот олиш имкони бўлмагани учун тўхтатилган терговни давом эттириш тавсия этилган.
“Шундай қилиб, мессенжер раҳбарияти Франция миллий полициясининг Вояга этмаганлар бошқармаси (Офмин) ва жандармериясининг бир неча жиноий тергов бўйича сўровларига аллақачон жавоб бериб, гумондорларни, жумладан, болаларга қарши жиноятларни аниқлашга ёрдам берадиган маълумотларни тақдим этган”, дея қайд этади “Libération”.
39 ёшли Павел Дуров 24 август куни Ле Бурже аэропортида шахсий самолётидан тушган вақтида қўлга олинган эди. У мессенжердаги ноқонуний контентни қасддан тартибга келтирмаганликда айбланган.
“Telegram асосчиси ҳибсга олинганидан ҳайратда қолди, чунки мессенжер Франция контрразведкаси билан алоқа каналига эга эди”, деб ёзган “Libération” аввалроқ.
28 август куни Дуров Париждаги ҳибсдан 5 миллион евро гаров эвазига озод қилинди. Унга Франциядан чиқиб кетиш тақиқланган ва ҳафтасига икки марта полицияга хабар бериб туриши шарт эди. Унга нисбатан бир нечта жиноятларни содир этишда гумон қилиниб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Улар орасида ноқонуний фаолият олиб бориладиган платформани бошқариш, расмийлар томонидан сўралганда маълумот беришдан бош тортиш, пул ювишда иштирок этиш, болалар жинсий жиноятлари, гиёҳванд моддалар савдоси ва фирибгарлик киради.
2021 йилда Павел Дуров фуқароликни махсус тартиб орқали – "Франция таъсирига ҳисса қўшадиган" "фахрий хорижлик" сифатида олди. Эммануэль Макрон 29 август куни Сербияга ташрифи чоғида Дуровга Парижга “ҳар қандай таклиф” бўлгани ҳақидаги маълумотни рад этди. Шу билан бирга, у тадбиркорга Франция фуқаролигини беришни "мутлақо мақбул" деб билишини таъкидлади.
"Telegram асосчиси терговчилар билан сўроқ пайтида Президент Макрон ҳамда Франция ички хавфсизлик бош бошқармаси вакиллари ҳимоясидан фойдаланишини айтди", деб хабар берди “Libération”.
LiveБарчаси