Телебошловчи Лера Кудрявцева киберфирибгарларнинг қурбонига айланди

Маданият-санъат 7260
image

Сўнгги вақтларда нафақат оддий инсонлар, балки машҳурлар ҳам киберфирибгарларнинг қурбонига айланмоқда. Россиялик таниқли телебошловчи Лера Кудрявцева ҳам замонавий фирибгарларнинг тузоғига тушди. Бу ҳақда у ўзининг Instagram саҳифасида хабар берди.

“Сизларда ҳам шунга ўхшаш ҳолат такрорланмаслиги учун нима бўлганини айтиб беришга қарор қилдим. 11 ноябрь куни менга Америка рақамидан мактуб келди. Хат ёзган шахс ўзини Наташа, деб таништирди. Ҳақиқатдан ҳам Америкада Наташа деган танишим бор эди. Шу сабабли мен шубҳага бормадим. У мен билан худди яқин дугоналардек гаплашди ва Америкадан пул жўнатолмаётганини айтиб, 180 минг рубль [тақрибан 3 000 АҚШ доллари — таҳр.]ни бу ердаги одамнинг пластик картасига ўтказишимни илтимос қилди. Мен ана шу вақтда машина бошқараётган ва режалаштирган ишларимга кеч қолаётган эдим. Шу сабабли гапни кўпайтирмасдан, танишимга ёрдам беряпманку деб ўйлаб, 180 минг рублни у айтган картага ўтказиб юборибман. Орадан бир ҳафта ўтди. Наташадан менга бошқа хат келмади. Шундан кейин мен Наташа билан Instagram'да ёзишдим ва маълум бўлдики, танишим мендан 180 минг рубль сўрамаган, у одам эса фирибгар бўлган экан. Мен эртагаёқ полицияга ариза ёзаман ва банк ходимлари билан боғланаман. Бу воқеани бошқаларга айтганимдан сўнг билдимки, кўпчилик бундай фирибгарларнинг тузоғига тушаётган экан. Илтимос, мен каби ишонувчан ва саҳий бўлманглар”, дейди Лера Кудрявцева.


Шу ўринда машҳур телебошловчи бу каби товламачилар аниқ маълумотларга қандай эга бўлаётганини тушунмаслигини айтиб, ўзининг “аҳмоқ”лигини тан олган.

Маълумот ўрнида, Лера Кудрявцева 1971 йилнинг 19 май куни Қозоғистоннинг Усть-Каменогорск шаҳрида дунёга келган. У Россия театр санъати институтини тамомлаганидан сўнг, 1995 йилдан бери Россиянинг қатор телеканалларида бошловчи сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент ИИББ пластик карталардан пул ечиб олиш орқали фирибгарлик қилишнинг оммалашаётган янги туридан огоҳлантирган эди.

Шунингдек, жорий йилнинг июнь ойида Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази масъул ходимлари, Ўзбекистонда сўнгги уч йилда кибержиноятлар сони кескин ошиб кетганини маълум қилган эди.

Улуғбек Худойберганов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 177
Рейтинг: 3.1
t
×