Тошкентда фирибгарликда гумонланган 3 киши қўлга олинди
3-саҳифа
−
16 Сентябрь
5856Тошкент шаҳрида кўчмас мулк билан боғлиқ фирибгарлик жиноятларини содир этганликда гумонланаётган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда шаҳар ИИББ хабар берди.
Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) билан тергов қилинаётган жиноят иши доирасида аниқланишича, қуйидаги шахслар бир қатор жиноятлар содир этганликда гумон қилинмоқда.
- 1989 йилда туғилган Сардор Фарҳодович Роминов,
- 1990 йилда туғилган Бахтиёр Ҳабибулла ўғли Йўлдашев,
- 1993 йилда туғилган Тимур Рустамович Ҳусаинов.
Билдирилишича, ушбу шахслар фуқароларга фоиз эвазига пул бериб, қарз олган шахснинг номида бўлган турар-жой ва бошқа кўчмас мулкларини гаров эвазига ўзининг номига расмийлаштириб олган. Улар ўзларидан пул олган фуқаролар белгиланган муддатда қарз ва фоизларини бермаган тақдирда уй-жойдан оиласи билан чиқариб юбориш ва мулкини тортиб олиш билан шуғулланиб келган. Ваҳоланки, гаровга қўйилган мулк миқдори фоиз эвазига берилган пул маблағидан 3-4 баробар кўп бўлган.
Шунингдек, фуқаро билан қарз ёки олди-сотди шартномаси тузилганидан сўнг келишилган суммадан кам миқдорда пул беришган.
“Мисол учун, фуқаро улардан 100.000 АҚШ долларини фоиз эвазига сўраса, олди-сотди ёки қарз шартномаси расмийлаштириб бўлганидан сўнг 65.000-70.000 АҚШ доллари атрофида пулларни бериб, қолган пулларни маклерлик хизмати, бошқа харажатлар учун олиб қолгани ҳақида айтади, кейинчалик фоиз тўловларни камайтириб бериши ҳамда тўловлар кечикса безовта қилмаслиги ҳақида айтиб алдаган”, дейилади хабарда.
Тергов жараёнида Роминов, Йўлдашев ва Ҳусаиновлар жиноят содир этганликда гумонланиб ушланган. Уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
“Ҳурматли фуқаролар агар Сиз ушбу шахслардан жабр кўрган бўлсангиз ёки ушбу шахсларнинг жиноий хатти-ҳаракатлари бўйича бирор маълумотга эга бўлсангиз Тошкент шаҳар ИИББнинг 71-206-40-97 ёки 102 рақамларига ёхуд 90-976-28-21 Telegram рақамига мурожаат қилишингизни сўраймиз. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, апрель ойида 1977 йилда туғилган Обид Арипович Шарипов “MAX-HOUSE-GROUP” МЧЖни ташкил қилиб, ўзининг шериклари 1982 йилда туғилган Ахтам Ахмадович Осимов ва 1989 йилда туғилган Азизбек Алижонович Самандаровлар билан бирга бир нечта фуқароларга нисбатан фирибгарлик содир этгани аниқланганди. Шарипов қўлга олинган, Осимов ва Самандаров қидирувга берилганди.
LiveБарчаси