Одам савдосида гумонланган ўзбекистонлик Туркиядан депортация қилинди
3-саҳифа
−
24 Май
3437Аввалроқ, фирибгарлик ва одам савдоси жиноятини содир этишда айбланаётган, 1979 йилда Самарқанд вилоятида туғилган Озод Саъдуллаевич Раҳимов Истанбул шаҳрининг Фатих туманида қўлга олингани хабар қилинганди. Кеча, 23 май куни у Ўзбекистон Республикасига депортация қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси маълум қилди.
Қайд этиш жоизки, Озод Раҳимов Самарқанд вилоятида фуқароларнинг кўп миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштиришда, шунингдек, Истанбул шаҳрида бўлган даврида 2022-2023 йиллар мобайнида бир қанча Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларини Туркия-Испания-Никарагуа-Мексика йўналиши бўйлаб АҚШга юборишни ваъда қилиб, фирибгарлик йўли билан уларнинг ҳар биридан 10-15 минг АҚШ доллари олиб, ваъдасини бажармасдан, ўзининг шахсий манфаатларига ишлатиб юборганликда айбланмоқда.
Ушбу шахснинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига ёки Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилиш сўралган.
“Жиноий жавобгарликдан қочиб хорижий давлатларда, шу жумладан Туркияда яшириниб юрган ҳар бир шахсга нисбатан жиноий таъқиб изчил равишда давом эттирилади ва жиноят учун жавобгарлик принципи қатъий таъминланади”, дейилади хабарда.
Шу билан бирга, Бош консулхона кейинги вақтларда АҚШ, Канада ёки Европа давлатларга бориш учун виза расмийлаштириб бериш важи билан фирибгарлик содир этилиши ҳолатлари юзасидан тушаётган мурожаатлар сони ортганлигини инобатга олиб, фуқароларни фирибгарларга алданиб қолишдан огоҳ бўлишга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россиянинг Киров шаҳрида одам савдосида гумонланиб, давлатлараро қидирувда бўлган 21 ёшли Ўзбекистон фуқароси қўлга олинганди.