Одам савдосида гумонланаётган ўзбекистонлик Истанбулда қўлга олинди
Олам
−
08 Май
5737Жорий йилнинг 6 май куни Ўзбекистон ва Туркия ИИВ ҳамкорлигида амалга оширилган тезкор тадбир натижасида фирибгарлик ва одам савдоси жиноятини содир этишда айбланаётган, 1979 йилда Самарқанд вилоятида туғилган Озод Саъдуллаевич Раҳимов Истанбул шаҳрининг Фатих туманида қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси хабар берди
Маълумот учун, Озод Раҳимов Самарқанд вилоятида фуқароларнинг кўп миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштиришда, шунингдек, Истанбул шаҳрида бўлган даврида 2022-2023 йиллар мобайнида бир қанча Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларини Туркия-Испания-Никарагуа-Мексика йўналиши бўйлаб АҚШга юборишни ваъда қилиб, фирибгарлик йўли билан уларнинг ҳар биридан 10-15 минг АҚШ доллари олиб, ваъдасини бажармасдан, ўзининг шахсий манфаатларига ишлатиб юборганликда айбланмоқда.
“Ушбу шахснинг жиноий хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган ватандошларимиздан Бош консулхонага ёки Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига хабар бериш сўралади”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, жиноий жавобгарликдан қочиб, хорижий давлатларда, шу жумладан Туркияда яшириниб юрган ҳар бир шахсга нисбатан жиноий таъқиб изчил равишда давом эттирилади ва жиноят учун жавобгарлик принципи қатъий таъминланади.
Қайд этилишича, кейинги вақтларда АҚШ, Канада ёки Европа давлатларга бориш учун виза расмийлаштириб бериш важи билан фирибгарлик содир этилиши ҳолатлари юзасидан Бош консулхонага келаётган мурожаатлар сони ортган. Шу сабабдан Бош консулхона фуқароларни фирибгарларга алданиб қолишдан огоҳлантирган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россиянинг Киров шаҳрида одам савдосида гумонланиб, давлатлараро қидирувда бўлган 21 ёшли Ўзбекистон фуқароси қўлга олинганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь