Тбилисида “хорижий агентлар” қонунига қарши митинг бўлди
Олам
−
25 Май
3730Грузияда бир неча юзлаб фуқаро ва мухолифатчи сиёсатчилар кеча, 24 май куни Тбилисидаги Озодлик майдонида мамлакат Ички ишлар вазирлиги биносининг олдида “хорижий агентлар” ҳақидаги қонунга норозилик билдириб, митинг уюштирди. Маҳаллий телеканаллар жараённи жонли эфирда намойиш этди.
Намойишчилар ҳукуматдан қонунни бекор қилишни талаб қилишдан ташқари, ушбу ташаббусда қатнашаётганларнинг ҳибсга олинишига ҳам қарши чиқмоқда. Уларга кўра, аввалроқ уюштирилган митингларда Ички ишлар вазирлиги бир неча юз кишини ҳибсга олган. Хавфсизлик кучлари намойишчиларни қўрқитиш билан бирга, уларни жаримага тортмоқда.
Шунингдек, митинг ўтаётган кўчаларда автомобиллар ҳаракати тўсиб қўйилган. Намойишчилар Грузия, Европа Иттифоқи ва АҚШ байроқларини кўтариб юришибди.
27 май куни Грузия парламенти Президент Саломе Зурабишвилининг “хорижий агентлар” тўғрисидаги илгари қабул қилинган қонун лойиҳасига қўйган ветосини бекор қилиш тартиб-тамойилини бошлаш ниятида.
Маълумот учун, мазкур қонун лойиҳасини кўриб чиқиш Грузияда апрель ойида бошланган. Ўшандан бери мамлакатда кенг кўламли намойишлар бўлиб ўтмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ сенаторлари Грузияга қарши санкцияларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини тақдим этганди.
Ҳабиб Жўрабоев
LiveБарчаси