Тайвань элчихонасида Гаити Президентини ўлдиришда гумон қилинганлар ҳибсга олинди 

Олам

image

Гаити пойтахти Порт-о-Пренсдаги Тайвань элчихонаси ҳудудида полиция томонидан ўтказилган операция давомида мамлакат Президенти Жовенель Моизни ўлдириш иши бўйича 11 нафар гумонланувчи ҳибсга олинди. Бу ҳақда дипломатик ваколатхона матбуот хизматига таяниб хабар берилган. 

Хабар қилинишича, кеча, 8 июль куни эрталаб ваколатхона ходимлари Гаити полицияси зобитлари давлат раҳбарини ўлдиришда гумон қилинганларни таъқиб қилиш учун дипломатик ваколатхона ҳудудига боришлари кераклиги тўғрисида маълумот олган. Элчихона ходимлари бунга рози бўлган. 

Дипломатик ваколатхона операция муаммосиз ўтганини таъкидлаган. 

“Гаити полицияси уларни (гумонланувчиларни) сўроқ қилиш учун олиб кетди”, дея қўшимча қилинган матбуот хизмати хабарида. 

Бунгача эса, Гаити миллий полицияси раҳбари Леон Шарль Моизга суиқасд қилишда қатнашган 28 кишидан иборат жиноятчилар гуруҳига 26 нафар Колумбия фуқароси ва АҚШ фуқаролигига эга бўлган Гаитининг икки фуқароси киритилганини маълум қилган. 

Эслатиб ўтамиз, 7 июлга ўтар тунда Гаити Президенти Жовенель Моиз мамлакат пойтахти Порт-о-Пренседа жойлашган Пелерин қароргоҳида ўлдириб кетилди. Республика Бош вазири Клод Жозефнинг сўзларига кўра, ҳужумни амалга оширган номаълум шахслар гуруҳининг баъзилари испан тилида гаплашган. Гаитида эса француз тили расмий тил ҳисобланади, лекин аҳолининг деярли ҳаммаси гаити креол тилида гаплашади. 

Ҳужумда Жовенель Моизнинг рафиқаси Мартин Моиз ҳам жароҳат олган. Кейинчалик унинг ўлими ҳақида маълумотлар пайдо бўлган, аммо Гаитининг Доминикан Республикасидаги элчихонаси бу хабарларни рад этган. Кейинчалик, Гаитининг АҚШдаги элчиси Бокчит Эдмонд Республиканинг биринчи хоними Мартин Моиз даволаниш учун Майамига олиб борилишини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

қотиллик Гаити

Баҳолаганлар

191

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг