Татьяна Каримова Мирзиёевни сайлаганини исботлашга қаттиқроқ киришди
Жамият
−
11 Июль 2023
25957Аввалроқ, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова Instagram’даги саҳифаси орқали 9 июль куни ўтказилган президентлик сайловида Шавкат Мирзиёевга овоз берганини исботлашга уринаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Ушбу хабардан сўнг, QALAMPIR.UZ’га Ислом Каримов илмий-маърифий мажмуасидан қўнғироқ қилиб, Татьяна Каримованинг Instagram саҳифасидаги пост матни ўзгартирилгани айтилди, шу боис мақолада ҳам ўзгартириш сўралди. Постнинг янгиланган талқини қуйидагича:
“Қадрли дўстларим, афсуски, интернетда мен илгари эълон қилган сурат билан боғлиқ атайлаб бузиб кўрсатилган маълумотлар пайдо бўлди – гўёки менинг сайлов бюллетенимда биронта ҳам номзод белгиланмаган. Шунинг учун мен аниқлик киритишни зарур деб биламан.
Мана, эълон қилинган фотосуратнинг катталаштирилган асл нусхаси, бу менинг танловимни аниқ кўрсатади.
Келинг, бир-биримизга меҳрибонроқ ва эҳтиёткор бўлайлик”, деб ёзган Татьяна Акбаровна Каримова.
Гап шундаки, Татьяна Каримова 10 июль куни сайлов участкасида овоз бераётгани тасвирланган суратни бир неча бор ижтимоий тармоқдаги саҳифасига жойлаштириб, ўчириб юборди. Сўнгги жойлаган суратида Каримова хоним сайлов бюллетенида Шавкат Мирзиёев номзодини белгилаганини кўрсатишга уринган ва қуйидагича изоҳ қолдирган.
“Қадрли дўстлар, афсуски, интернетда бугун қўйган суратим билан боғлиқ атайлаб бузиб кўрсатилган маълумотлар пайдо бўлди ва аниқлик киритишни лозим деб биламан.
Ижтимоий тармоққа жойлашда сурат сифати ёмонлашиши ва суратдаги айрим деталлар аниқ кўринмаслигини ҳамма яхши билади. Мана, бугун эълон қилинган асл фотосурат, бу менинг танловимни аниқ кўрсатиб турибди”.
Татьяна Каримова сайловда кимга овозини берганини нима учун бу даражада исботлашга уринаётгани бизга қоронғу.
Гап шундаки, 75 ёшни қаршилаш арафасидаги Татьяна Каримова жорий йилнинг 17 июнь куни набираси Имонни 25 ёшни қаршилагани муносабати билан табриклаш асносида, қамоқда қолаёттган қизи Гулнора Каримовани кўришга рухсат берилмаётганидан нолиган эди.
“Неварам Имонни 25 ёшни қарши олгани билан табриклайман. Бахт, фароғат, меҳр-муҳаббат тилайман.
Лекин афсуски, бугунги гўзал кун қувончи тўкис эмас. 21-жазони ижро этиш колониясидаги қизим Гулнорани кўришга рухсат берилмади…” деб ёзган ўшанда собиқ биринчи хоним.
Унинг ушбу пости нафақат мамлакат ичида, балки ташқарисида ҳам катта шов-шувларни келтириб чиқаргач, ушбу пост ўчириб юборилган эди.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, аввалига Каримова жойлаган айнан шу кўринишдаги суратда у сайлов бюллетенида ҳеч бир номзодни белгиламай, уни сайлов қутисига ташлаёттгани акс этган. Орадан вақт ўтиб, у ушбу суратни ўчириб юборган. Тармоқда эса "Татьяна Каримова сайловда ҳеч кимга овоз бермади" номли хабарлар тарқалди.
Эслатиб ўтамиз, Татьяна Каримова 9 июль куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари президентлик сайловида ғалаба қозонгани ва яна 7 йиллик муддатга Ўзбекистон Президенти лавозимини эгаллагани муносабати билан Шавкат Мирзиёевни табриклаган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь