Татьяна Каримова Ислом Каримовнинг миллий армияни тузишдаги саъй-ҳаракатларини эслади

Жамият

image

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич мамлакат ҳаракатчан, уюшқоқ ва тезкор армияга эга замонавий ривожланган давлатлар қаторига киришига доимо интилиб келган. Бу ҳақда унинг турмуш ўртоғи Татьяна Акбаровна Каримова “Ислом Каримов – Миллий армия асосчиси” мавзуида ўтказилган давра суҳбатидаги нутқида сўзлаб берди.

“Биринчи Президентимиз Олий Бош қўмондон сифатида мустақиллигимизнинг илк кунларидан кейинги чорак аср давомида мамлакат яхлитлиги ва хавфсизлигининг кафолатига айланган, Ўзбекистон тинчлигини таъминлаган Қуролли Кучларни барпо этиш ва ислоҳ қилиш борасида улкан саъй-ҳаракатларни амалга оширди”, деган Татьяна Каримова.

У сўзида давом этиб, Ислом Каримов ҳар бир аскар, сержант ва зобитни жуда қадрлаганини айтиб ўтди.

“Мен Ислом Абдуғаниевичнинг рафиқаси сифатида шуни айтишим мумкинки, у ҳар бир аскар, сержант, офицер ҳаётини юксак қадрлаган, армиямизда хизмат қилаётган жисмонан ва маънавий баркамол ёшлардан юксак фахр туйғусини ҳис қилган. Аскарлар билан учрашганида эса ҳаммани ўз фарзандларим деб атаган. 2000 йил ёзида, халқаро террорчилар тўдалари ҳудудимизга бостириб кирган Сариосий воқеалари чоғида махсус оператив кучлар бўлинмаларига ташрифи чоғида айнан шундай хитоб қилган эди. Ўшанда у ўзининг шахсий иштироки билан аскарларимизни руҳлантира олди, уларда бутун юртимиз, Президентимиз улар билан эканига ишонч уйғота олди”, дейди хоним Каримова.

Татьяна Каримованинг таъкидлашича, замонавий армияни шакллантиришнинг асосида доимо тинчлик ва аралашмаслик тамойили бўлган ва бўлади.

“Ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий ҳарбий базалар ва объектларнинг жойлаштирилишига йўл қўймаслик ва чет элдаги тинчликпарвар операцияларда иштирок этмаслик мамлакатимизнинг принципиал позицияси бўлиб келган ва шунга содиқ бўлиб қолади. Бугун тинч ва осойишта ҳаётимизни ишончли ҳимоя қилаётган, сарҳадларимиз дахлсизлигининг мустаҳкам қалқони бўлиб хизмат қилаётган, техника ва ҳарбий маҳорат билан ҳеч кимдан кам бўлмаган Қуролли Кучларимиз бор.

Ҳарбий хизматчиларимизнинг Миллий армиямиз асосчиси ва бош ислоҳотчиси, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов бошлаган ва Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан давом эттирилган мустақил тараққиёт йўлини муносиб ҳимоя қилишга доимо шайлиги барчамизда буюк ғамхўрлик, ғурур, осойишталик ва Ўзбекистонда тинч ҳаётга ишонч туйғуларини юксалтирмоқда.

Азиз дўстлар! Барчангизга сиҳат-саломатлик, хизматингизда муваффақиятлар, бахт ва фаровонлик, Ватанимизга хизмат қилиш йўлида куч ва ғайрат тилайман! Юртимиз эса тинч ва фаровон бўлсин!”, деган Татъяна Каримова.

Маълумот учун, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов 1938 йил 30 январь куни Самарқандда таваллуд топган. У 2016 йил 2 сентябрь куни вафот этган. 

Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари бўлган биринчи кундан Ислом Каримовнинг эзгу ишлари давом эттирилишини айтган эди, унинг хотирасини абадийлаштириш бўйича қарорлар қабул қилди, мақбараси барпо этилди. Биринчи Президент таваллуд топган 30 январь кунини нишонлаш анъанага айланди.

Бугун, 30 январь куни Тошкентда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида ҳукумат аъзолари, Олий Мажлис палаталари вакиллари ва Президент Администрацияси аъзолари Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, ҳурмат бажо келтирди.

Самарқандда эса вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ислом Каримов

Баҳолаганлар

291

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг