Ташиев 2026 йилгача “вор в законе”ларни “қириб ташлаш”ни ваъда қилди
Олам
−
23 Ноябрь 2023
16223Қирғизистонда 2026 йилга келиб ҳаммаси жойида бўлади, жиноятчилик бўлмайди. Мамлакатни Райимбек Матраимов ҳам, Женго ҳам бошқармайди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев бугун, 23 ноябрь куни Жогорку Кенеш йиғилишида сўз очди.
Унга кўра, уюшган жиноий гуруҳларга қарши курашда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари ўзларига юкланган вазифаларни аниқ бажармоқда.
“Агар илгари Қирғизистон демократия ороли деб аталган бўлса, энди жиноятчиликка қарши курашиб, республикани қонунийлик оролига айлантирамиз. Бугунги кунга қадар жиноятчиликка қарши курашдан давлатга мулк ва пул шаклида 200 миллион доллардан ортиқ маблағ ўтказдик”, дейди Ташиев.
Унинг қайд этишича, жиноий гуруҳлардан тортиб олинган мол-мулклар бугун давлатга ўтказилмоқда.
“Жиноятчилар бошпанага айлантирган “Айпери” салони давлат ихтиёрига топширилди. Бино 20-25 миллион долларга баҳоланган. Тошкўмирдаги “Кристалл” заводи ҳам уюшган жиноий гуруҳлар томонидан босиб олинган. Барча даромадли корхоналарда жиноий гуруҳлар улуши бор”, дейди МХДҚ раиси.
У сўзида давом этиб, яқинда МХДҚ махсус операциясида ўлдирилган Қамчибек Қўлбоев (Коля Қирғиз) масаласига ҳам тўхталиб, унинг жиноий фаолиятини текшириш ва жиноий йўллар билан орттирилган мол-мулкини мусодара қилиш давом этаётганини билдирди.
“Куни кеча Қамчи Кўлбоев 10 миллион доллар сармоя киритган корхонани топдик. Унинг шериклари пулни нақд қилиб қайтариб беришган. Кимдир 12 миллион доллар топширган бўлса, бошқаси 30 миллион долларни қайтариш арафасида. Бу пулларнинг барини бир тийинига қадар Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг махсус ҳисоб рақамига ўтказамиз”, дейди Ташиев.
Албатта, йирик пулдорларнинг уйи ва офисидан ўтказиладиган тинтувларда пуллар ва қимматбаҳо буюмларни мусодара қилиш жараёни кўпчиликда шубҳа уйғотади. Ташиев бу гумонларга ҳам ўрин қолдирмай, шундай деди:
“Ходимларим кўрсатмаларни қатъий бажаришади – бу маблағлардан бир тийин олмайдилар. Агар кимдир тартибни бузса, мен уларни ишдан бўшатишим мумкин. Кеча мен учта шундай ходимни ишдан бўшатдим. Улардан бири 28 минг доллар пора олган, иккинчиси инвесторлардан 82 минг доллар ўтказишда воситачи бўлган”.
У Вазирлар Маҳкамасидан ходимларининг ойлигини ошириш учун пул сўраган.
“400 миллион сўмга яқин пул сўраймиз. Шу билан бирга, биз миллиардларни давлатга қайтарамиз. Менга бойлик ҳам, курси ҳам керак эмас. Менга қонунийлик керак. Мен буни жиноий гуруҳ бошлиғи Женго жиноий фаолиятини давом эттирмаслиги учун қиламан. Эслатиб ўтамиз, у камерада уюшган жиноий гуруҳдан воз кечди, аммо нопок ишларини давом эттирмоқда. Мен икки йил давомида жиноятчиликка қарши курашга тайёрландим. 2026 йилга келиб ҳаммаси жойида бўлади, жиноятчилик бўлмайди. На Райимбек Матраимов, на Женго мамлакатни бошқаради”, дея хулоса қилди Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни қирғизистонлик криминал авторитет Қамчибек Кўлбоев (“Коля Қирғиз”) Бишкекда қўлга олинаётганда мамлакат Миллий хавфсизлик ходимлари томонидан отиб ўлдирилганди. Шундан сўнг, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев Тўқмоқ шаҳрида қўмитанинг янги биноси очилишида қатнашиб, жиноятчиларга қарата “биттаси бош кўтарса, ўша бошни чопиши”ни айтганди.
LiveБарчаси