Тарихий қиёфасини йўқотаётган Ўзбекистон: сўнгги йилларда қандай бинолардан айрилдик?
Таҳлил
−
31 Январь
18934Ўзбекистонда сўнгги йилларда хусусийлаштириш ишлари янги босқичга кўтарилди. Инвестиция киритилмай, зарарига ишлаётган корхона ва иншоотлар билан бирга, давлат аҳамиятига молик, халқ учун қадрдон бўлиб қолган бинолар ҳам сотиб юборилди ёки бузиб ташланди. Баъзилари эса, реконструкция ва реставрация қилиш баҳонасида бутунлай ўзгартирилиб, қайтадан қурилди. Бу каби ҳолатлар оқибатида Ўзбекистон тарихий қиёфасини аста-секин йўқотиб бормоқда. Qalampir.uz сайти сўнгги йилларда бузиб ташланган, сотиб юборилган ёки аввалги қиёфасини йўқотган бинолар рўйхатини тузиб чиқди.
Олой бозори
Бозор тарихи ХII асрларга бориб тақалади. Буюк ипак йўлида жойлашган ушбу савдо маскани яқин орадаги Олой тоғлари номи билан аталган. 1928 йилдан Олой бозори номи билан расмий равишда асос солинган. У шу кунгача бир неча маротаба таъмирланган. Кўпчиликка таниш қиёфа – қия устунли очиқ, кенг павильонлар эса, 1970 йилларда пайдо бўлган эди.
2011 йилда бозор яна таъмирланди, лекин орадан 5 йил ўтиб, савдо маркази бутунлай бузилиб, қайтадан қурилди. 2016 йилдаги ушбу қурилишда кўз ўрганган павильонлар, бозор рамзига айланган тилларанг аркадан асар ҳам қолмади. Афсуски, темир-бетон конструкция остида жойлашган шарқона бозорнинг қадрдон қиёфаси ўрнини янгича кўринишдаги иншоот эгаллади.
“Бозорни яна қайта қуришдан маъни йўқ эди. Инсонлар учун ҳеч бир қулайлик келтиргани йўқ. Янги ётқизилган асфальт майдонлари ва савдонинг ёмон ташкиллаштирилгани ҳисобга олинса, аксинча бўлди. Идеал шароитда 20-30 та скамейка ўрнатиб, бир неча умумий овқатланиш нуқтасини ташкил қилиб, ҳеч нарсага тегинмаса ҳам бўларди. Лекин бу ерда мақсад, ҳар доимгидек, ”қулайлик“ яратишда эмас, ажратилган маблағни ”туя қилиш”да эканлигини тушуниш қийин эмас", деб ёзган эди “Asia Terra” нашри.
Қорақалпоғистонда жойлашган Миздахан мақбараси
2018 йилда Қорақалпоғистон ўлкаси ўрта асрларга мансуб ноёб ёдгорликдан маҳрум бўлди. Реставрация ниқоби остида ХII асрда қурилган Шамунаби мақбараси бузиб ташланиб, ўрнига янги бино қурилди.
Археологлар томонидан мақбара 1964 йилда Нукус яқини Миздахан мақбарасини қазиш ишлари вақтида топилган эди.
“У такрорланмас шаклга эга бўлган бино: етти қуббаси ва уларда ўрнатилган етти дарчаси бўлиб, уларнинг барчаси Маккага қаратилган эди. Мақбаранинг ичидаги қабрлар оссуарийга, кириш дарвозаси эса ўтов эшигига ўхшарди. Ушбу ёдгорлик тўрт буюк маданият ва тўрт дин – насронийлик, ислом, буддизм ва зороастризмга хос бўлган белгиларни ажойиб тарзда ўзида мужассамлаштиргани билан аҳамиятли эди. Бу авлодлар учун асрлар узра қолдирилган ажойиб фалсафа ва қадимийлик рамзидир. Олдин ушбу мақбарага туристларни олиб келганимда улар қойил қолиб, таҳсинлар айтарди. Энди бўлса, унинг ўрнида оддий янги қурилган ғишт бино турибди, холос. Унда ҳеч қандай тарих ҳам, сир-асрор ва афсона ҳам йўқ. Энди ҳамкасабаларим бу ерга сайёҳларни олиб келишга уялади", деган эди қорақалпоғистонлик тарих фанлари номзоди, профессионал гид Октябрь Доспанов.
“Наврўз” қабуллар уйи
2021 йил 8 апрель куни пойтахт Тошкент марказидаги тарихий бино – 1980 йилларда қурилган “Наврўз” қабуллар уйи кутилмаганда, дабдурустдан бузиб ташланди. “Наврўз” қабуллар уйидан давлат миқёсидаги йирик тантанали маросимларни ўтказишда фойдаланиб келинарди. Энг аҳамиятлиси, бу ерда илк бор Ўзбекистон мустақиллиги нишонланган. Қабуллар уйи, шунингдек, тўй маросимлари учун ҳам хизмат кўрсатган. Уйнинг раҳбари Барно Рўзиева бир интервьюсида “Наврўз”да тўйлар бошқа жойларга нисбатан ўзгача, тантаналироқ ўтказилишини, ёшларни табриклаш учун зални гуллар билан, ўзига хос безатилишини айтиб ўтганди.
Қурилиш вазирлиги бино бузилишига эътироз билдирган жамоатчиликка жавобан уй пойдеворининг йиллар давомида 27 см.га силжиганини баҳона қилиб кўрсатди. “Наврўз” қабуллар уйи ўрнида кутубхона қурилиши айтилди.
Хўжа Порсо жомеъ масжиди
2021 йилнинг октябрь ойида 1869 йилда қурилган Хўжа Порсо жомеъ масжиди ҳам бузилгани маълум қилинди. У Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилганди. Маданий мерос агентлиги бино бир неча жойидан ёрилгани боис янгидан қурилаётганини айтган. Бу хабар ижтимоий тармоқларда анчагина норозиликларга сабаб бўлди, чунки бу реставрация баҳонасида қайтадан қурилаётган биринчи бино эмасди. Аввалроқ ҳам Қорақалпоғистонда жойлашган “Қизил қалъа" ва “Шамунаби” ёдгорликлари реставрация сабаб тарихий қиёфасини йўқотган эди.
Масжиднинг бузилгани ҳақида хабар берган гид Жамил Қосимовнинг айтишича, у Англиядан келган туристларни бетакрор устунлар ва нақшинкор шифтни кўрсатиш учун олиб борган, бироқ улар масжид бузилиб, унинг ўрнида қурилиш ишлари олиб борилаётганига гувоҳ бўлишган. Қайд этилишича, англиялик туристлар: “Мазкур объектни сайёҳлар учун жозибадор қилиб турган бу каби гўзалликни қанақасига йўқ қилиш мумкин? Янги барибир янгику”, дея ҳайрон қолган.
"Раковый корпус"
Собиқ Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев томонидан имзоланган 255-сон буйруқ билан 2022 йилнинг декабрь ойида Тошкент стоматология институтига қарашли бир қаватли болалар жағ хирургияси бўлими биноси бузиб ташланди. Бундан мақсад Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази учун автотураргоҳ қуриш эди. Бу билан бир нечта қонун бузилиши ҳолатлари кузатилди. Биринчи навбатда, шифохона бўлимини бузиш бўйича топшириқ беришга ССВ вазири ваколатли эмасди, иккинчидан, Қурилиш соҳасида назорат инспекциясидан ушбу бинонинг яроқсиз экани ҳақида ҳеч қандай ҳужжат олинмаганди. Қолаверса, Давлат активларини бошқариш агентлиги бинони баҳолаб, аукционга чиқариши, аукционда ютиб олган тадбиркорлик субъектигина уни буза олиши мумкин эди. Аммо Беҳзод Мусаев имзолаган буйруқда қурилиш буюртмачиси ким экани (“Тиббиёт қурилиш инжиниринг” унитар корхонаси) тўғридан-тўғри кўрсатиб ўтилганди.
Болалар жағ хирургияси бўлими деб аталадиган бино Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги Кичик ҳалқа йўлида жойлашган эди. Маълумотларга кўра, бино 1901 йилда қурилган. Олдин бино “Саратон касалликлари бўлими (Раковый корпус)” деб аталган. Бу бинода 1954 йилда рус ёзувчиси Александр Солженицин даволанган ва шундан кейин, 1963–1966 йилларда “Раковый корпус” романини ёзган. Ушбу бино шуниси билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга ҳисобланарди.
Эски “Тоштурма”
Ҳукуматнинг 2018 йил 22 мартдаги фармойишига асосан пойтахтнинг Наманган кўчаси 1-уй манзилида жойлашган, халқ тилида “Тоштурма” деб аталадиган 1-сон ҳибсхонасига қарашли бино ва иншоотлар бузиб юборилди. Мазкур ҳибсхона ва маҳбуслар 2018 йилнинг январь ойида Зангиота туманига кўчирилган.
Ҳокимлик матбуот хизмати “Тоштурма” ўрнида инвестор топилса, кўп қаватли уй қурилиши, топилмаса, бино ўрнида дам олиш маскани барпо этилишини маълум қилди. Лекин ҳозирча бу майдон бўш турибди. Пойтахтнинг Юнусобод туманида жойлашган “Тоштурма” 1891 йилда қурилган эди. Мажмуа ер ости ва ер усти йўлаклар билан бир-бирига боғланган тўртта ертўлали бинони ўз ичига олганди.
ДХХнинг собиқ марказий биноси
2021 йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳри Сайилгоҳ кўчасида жойлашган ДХХнинг собиқ марказий биноси 210 миллиард сўмга “Metropol Group” МЧЖга сотилди. Маълумотларга кўра, “Metropol Group” МЧЖ собиқ Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Россия фуқароси саналган ўғли Дониёр Абдулазизович Комиловга тегишли.
Бино дастлаб Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатида эди. Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти 1950 йилларда барпо этилган ушбу маъмурий бино тарихий ва меъморий жиҳатдан сақланиши кераклиги, унинг ён-атрофида жойлашган Кньяз Романовнинг саройи билан биргаликда яхлит меъморий туристик объект ҳисобланишини маълум қилган эди. Аммо, марказий бино сотилди ва орадан икки кун ўтгач, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари рўйхатидан чиқарилди.
“Шарқ” нашриёт-матбаа корхонаси бинолари
Давлат активларини бошқариш агентлиги 2023 йилнинг 20 сентябрида “Шарқ” нашриёт-матбаа корхонаси бинолари ва ЎзА биносини ягона мулкий мажмуа сифатида савдога қўйди. Маданий мерос агентлиги ҳар иккала бино Ўзбекистон моддий маданий меросининг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилганини эслатиб, уларни аукциондан олиб ташлаш бўйича огоҳлантириш берди. Орадан унча кўп вақт ўтмай, 2024 йилнинг январь ойида ушбу бинолар моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатидан чиқарилди.
Гарчи, агентлик “Шарқ” нашриёт-матбаа корхонасининг асосий икки биноси бузилмаслигини айтган бўлса-да, жамоатчилик ушбу иншоотларни ҳам собиқ ДХХ Марказий биносининг "қисмати" кутаётганидан хавотирда. Ҳақиқатан таъмирталаб, қаровга муҳтож объектлар қолиб, шаҳар кўркига кўрк қўшиб турадиган иншоотларнинг бирданига сотиб юборилиши кўпчиликда шубҳа уйғотмоқда. Тошкентнинг марказий қисмида жойлашган ушбу бинолар Ўзбекистон Давлат тарихи музейи билан бирга ўзига хос ансамблни ташкил этиб турарди.
Моҳинур Маматова
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15