“Танзиландия” боғчаси Қудбиевнинг оиласига тегишлими? (видео)
Жамият
−
28 Февраль
26303Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “Танзиландия” номли хусусий боғча тарбиячилари болаларга ўта қўпол муносабатда бўлгани аниқлангач, унинг кимга тегишли экани ва кимнинг раҳбарлигида фаолият олиб бораётгани ҳақида саволлар пайдо бўла бошлади. Ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлган ҳолат ушбу боғчада биринчи марта содир бўлмаётгани, олдинги ҳолатлар бости-бости қилиб юборилгани ҳақидаги версиялар ҳам йўқ эмас.
2019 йилдан буён фаолият юритиб келаётган “Танзиландия” хусусий мактабгача таълим ташкилоти ҳақида интернетга сўров киритилганда унинг директори Дилрабо Турсунова (Қудбиева) экани чиқиб келади. Қудбиеванинг ўзи ҳам Instagram'даги саҳифасида буни ёзиб қўйган. Шунингдек, у ушбу боғчанинг 7 % улушига эга. Боғчанинг Қудбиевадан ташқари яна икки таъсисчиси бор. Булар Мақсуда Қудбиева (66%) ва Мухиба Қаршиева (27 %).
Очиқ маълумотларга кўра, Дилрабо Қудбиева Ўзбекистон Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиевнинг синглиси ҳисобланади. У Фарғона политехника институтини тамомлаган, иқтисод бўйича фалсафа доктори даражасига эга.
Бугун, 28 февраль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида QALAMPIR.UZ журналисти юқорида айтилган версия бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигидан муносабат сўради. Вазирлик вакиллари эса “Танзиландия”нинг тегишлилиги масаласи уларнинг ваколат доирасида эмаслигини билдирди.
“Танзиландия”нинг тегишлилиги вазирликнинг ваколатига кирадиган масала эмас. Биз бу ерда лицензия талаб ва шартларининг бажарилишини текширамиз, у кимникилигини эмас. Шу сабабли бу одамники ёки бу одамники эмас деб айтишимнинг ўзи ҳам нотўғри. Албатта, тегишли идоралар бор. Улар томонидан ўрганилиб, тегишли хулоса берилса керак”, деди Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Сардор Ражабов.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги “Танзиландия” нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг тарбиячилари томонидан ушбу ташкилот тарбияланувчиларига нисбатан зўравонлик ҳаракатлари содир этилгани, Юнусобод туманидаги “First Daycare” нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси ва тарбиячи ёрдамчисининг болалардан бирини овқат емагани учун стулга “скотч”лаб қўйгани ортидан Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Баҳром Абдуллаев Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умаровага сенатор сўрови юборганди.
Бугун, 28 февраль куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Сардор Ражабов Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги “Танзиландия” боғчаси устидан тегишли қарор чиқариш учун судга мурожаат қилганини маълум қилди.
LiveБарчаси