Таниш-билишчилик қилган Самарқанд ММТБ раҳбари ишдан ҳайдалди
3-саҳифа
−
15:09 3851 2 дақиқа
Россия Федерациясида ўтказилган “Алвон елканлар” битирувчилар байрамига яқинларини жўнатган Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбари ишдан олинди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизмати QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Қайд этилишича, бошқарма мансабдор шахсларининг Россия Федерациясида ўтказилган тадбирда иштирок этган делегация таркибига яқин қариндошларини киритгани юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига киритилган тақдимнома асосида ҳолат бўйича Ишчи гуруҳ томонидан хизмат текшируви ўтказилган.
Текширувда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамов ва бошқарма масъуллари “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги, “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонунлар ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 595-сон қарори билан тасдиқланган давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари талабларига зид хатти-ҳаракатлар, бир қатор қўпол хато ва камчиликларга йўл қўйганликлари аниқланган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида бошқарма бошлиғи Музаффар Ҳамдамов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Бундан ташқари, бошқарма бошлиғининг ўринбосари, Бухгалтерия ҳисоби ва давлат харидлари шўъбаси етакчи мутахассиси, Педагогларнинг билим ва малакаларини баҳолашни ташкил этиш шўъбаси бош методисти, Ўқувчилар билимини баҳолаш ва таҳлил қилиш шўъбаси бошлиғи, Ўқувчилар билимини баҳолаш ва таҳлил қилиш шўъбаси методистига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш бўйича вазирликка таклиф киритилган.
Шунингдек, агентлик тақдимномасида кўрсатилган ҳолатлар Вазирликнинг Одоб-ахлоқ комиссиясида муҳокама қилиниб, келгусида давлат хизматчилари билан боғлиқ бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олингани маълум қилинган.
“Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат хизматида манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини доимий мониторинг қилади ҳамда қонун устуворлиги тамойилига қатъий риоя этган ҳолда, аниқланган ҳар қандай қонунбузилишига нисбатан кескин ва муросасиз чоралар кўрилишини таъминлайди”, дейилади хабарда.
Маълумот ўрнида, Музаффар Ҳамдамов 2019 йилдан 2025 йилгача Пахтачи тумани ҳокими лавозимида ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбари Музаффар Ҳамдамов Россияга юборилган расмий делегация таркибига ўз ўғли ва жиянини қўшиб юборгани маълум бўлган эди. Шундан сўнг иқтидорли ёшлар ўрнига фарзанди ва жиянини хорижга юбормоқчи бўлган самарқандлик амалдор 28 млн сўмни бюджетга қайтарган.
Live
Барчаси