Танилиш учун чорраҳадан думалаб ўтмоқчи бўлганлар қамалди
3-саҳифа
−
15 Февраль
6850Тошкентда пиёдалар ўтиш жойидан стретч плёнкаларга ўралган ҳолда думалаб ўтган йигитларга чора кўрилди. Бу ҳақда “Миллар“ дастурида хабар берилди.
Маълум бўлишича, ҳодиса Чилонзор тумани Бунёдкор шоҳкўчасида содир бўлган. 2004 йилда туғилган 3 нафар йигит бу ҳаракатларини шарт сифатида бажарганини билдирди. Улар одам гавжум жойдан танасини бутунлай стретч плёнка билан ўраган ҳолда ўтишга келишган. Улар мазкур жараён тасвирланган видеони интернетга жойлаб, танилишни мақсад қилган.
“Мен шу шартни менга бергин, деб илтимос қилганман. Билардим, мақсад танилиш, шу орқали интернетга чиқиб кетиш эди. Яшил [чироқ]да тез ўтиб оламан дегандим”, дейди йигитлардан бири.
Унинг шериги эса жараённи бошидан охиригача видео олиб турганини, кейин воқеа жойига ЙПХ ходимлари келганини айтган.
“Чилонзорда “пробка” кўп ҳозир, ўта олмайсан десам, йўқ, ўтамиз, деди. Кейин рози бўлдим ва уни стретч плёнка билан ўрадим”, дея ҳолатни тушунтирди йигитлардан бири.
Шундан сўнг, йигитлардан бирининг отаси фарзандининг бу ишидан пушаймон экани, эндиликдан уни қаттиқ назоратга олишини билдирди. Яна бир ота ерга ётиб, ўзини хўрлаганча видео олиш, бу орқали машҳур бўлишга қарши экани ва буни ўғлига ҳам тушунтирганини таъкидлади ва узр сўради.
Ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИБ томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183- (Майда безорилик) ва 194-модда (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик)лари билан баённома расмийлаштирилган ва туман судига юборилган.
Суд қарори билан йигитларга нисбатан 10 суткадан қамоқ жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда ижтимоий тармоқларда Equinox ҳайдовчиси бўлган ёш йигитнинг йўл қоидаларини бузиб ҳаракатланган видеоси тарқалганди. Видеода йигит “Бекзод акани ўғли бўламан, дадам Ички ишлар вазирлигида ишлайди”, деган эди. Олиб борилган суриштирувлар давомида ушбу қоидабузар 2006 йилда туғилган А.И. бўлиб, унинг отаси ҳеч қандай ИИВ ходими эмаслиги аниқланган ва йигитнинг онасига нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланганди.
Жавоҳир Йўлдашов