Таниқли футбол мураббийи Виктор Жалилов вафот этди
Спорт
−
07 Май 2023
11489Ўзбекистонлик футбол бўйича мураббий Виктор Жалилов вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.
Виктор Жалилов 1952 йил 17 март куни Тошкентда туғилган. У Тошкент спорт мактаб-интернатида таҳсил олган. Жалилов мактаб-интернатни тамомлагач, “Пахтакор”га олиб кетилган ва у ерда ҳарбий хизматга чақирилгунга қадар ўйнаган. Ҳарбий хизматни ўтаб бўлгач, Тошкент Жисмоний тарбия институтида таҳсил олиб, Наманганнинг “Текстилшчик” жамоасида ўйнаб, футболчилик фаолиятини якунлаган.
Жалилов мураббийлик фаолиятини Халқободнинг “Соҳибкор” жамоасида бошлаган. 1995 йилда Наманганнинг “Навбаҳор” жамоасини бошқариб, Ўзбекистон чемпионатининг бронза медали соҳибига айланди. 1996 йилда у жамоа билан мамлакат чемпионати ва кубогини қўлга киритиб, "олтин дубл"га эришди. У Ўзбекистонда йилнинг энг яхши мураббийи деб топилган.
1997-1999 йилларда “Навбаҳор” билан бирга яна уч марта бронза медали соҳиби бўлган.
2000 йилда “Пахтакор”га қайтиб, икки йил мураббий ёрдамчиси бўлиб ишлаб, 2002 йилда эса клуб бош мураббийи бўлди. Мамлакат чемпионлиги ва кубогини қўлга киритиб, "олтин дубл"ни такрорлашга муваффақ бўлди. Шундан сўнг иккинчи бор Ўзбекистонда йилнинг энг яхши мураббийи деб топилган.
2005 йилда Муборакнинг “Машъал” жамоасини бошқарган ва чемпионатда кумуш медалларни қўлга киритган. Ўшанда у учинчи марта Ўзбекистонда йилнинг энг яхши мураббийи дея қайд этилган.
2010 йилда Наманганнинг “Навбаҳор” жамоасида ишлаган аммо қониқарсиз натижалар учун ишдан бўшатилган.
2015 йилда Виктор Жалилов 22 ёшгача бўлган терма жамоага янги бош мураббий этиб тайинланган.
LiveБарчаси