Коронавирус эффекти: вилоятларга йўл ҳақи қанчага ва нега ошди? 

Таҳлил

Жорий йилнинг 15 март куни Франция Республикасида бўлиб қайтган 1 нафар Ўзбекистон фуқаросида COVID-19 коронавирус инфекцияси аниқлангани ҳақида айтгандик. Шундан сўнг, бошқа давлатларда бўлганидек Ўзбекистонга унинг ваҳимаси ҳам кириб келди. Кимдир уйига қоплаб сабзавотларни ғамлашни бошлади, кимдир бор ойлигига гўшт маҳсулотлари сотиб олаётган бўлса, яна кимдир ҳожатхонасини пачкалаб қоғозга тўлдирмоқда. 

Касаллик кенг тарқалишининг олдини олиш учун Ҳукумат томонидан карантин эълон қилиниб, асосан маҳаллий ҳудудлардан келган талаба-ўқувчилар уйга қайтишни бошлади. Тошкентдан қайтаётган йўловчилар сони кескин ошгач, йўл ҳақи ҳам ўз навбатида ошиб кетди. Ижтимоий тармоқларда эса унинг муҳокамаси авж олмоқда. Тармоқ фойдаланувчилари ҳайдовчиларни инсофсизликда, қийин шароитда пул ишлаб олишни мақсад қилганликда айблашмоқда. Масъул идоралар эса бунга йўл қўймасликни ваъда қилди. QALAMPIR.UZ таҳририяти бу борада ўз журналистик суриштирувини олиб борди ва танганинг иккинчи тарафини кўрсатишга ҳаракат қилди.

Аввалига Самарқанд, Бухоро, Навоий вилоятларига қатновчи автомобиллар тураргоҳига бордик. Самарқандга қатновчи ҳайдовчилардан бири билан суҳбатлашдик. Унга кўра, йўл ҳақи ростан ҳам ошган. Йўловчиларни 80 минггача бўлган нархда олиб бориб қўйишмоқда. 

“Йўл ҳақини ошириш менга керак эмас. Битта мижоздан Саманқанддан Тошкентга 50 минг сўм, Тошкентдан Самарқандга ҳам 50 минг сўмдан оладиган бўлсак бизга маъқул тушади. Байрам ва коронавирус сабабли вилоятларга қайтувчи йўловчилар сони ошиб кетди. Самарқанддан Тошкентга бўш келяпмиз. Шунинг ҳисобига нархлар оширилди”, дейди ҳайдовчи.

Бундан ташқари, ҳайдовчи Тошкент-Самарқанд йўлида ўрнатилган яширин радарлар борлиги, йўлларда ҳаракатланаётган радар ўрнатилган машиналар сони кўпайгани, машиналарнинг бутловчи қисмларнинг қимматлиги ҳақида гапирди. Бу орада бир неча йўловчиларга ҳам микрофон тутдик. Бироқ уларнинг аксарияти бу ҳолатга изоҳ беришни истамади.

Шундан сўнг, Жиззах, Сирдарё ҳайдовчиларига саволлар билан юзландик. Уларга кўра, одатда кечаси қатнайдиган машиналар йўл ҳақи кундузгига нисбатан қиммат бўлади. Байрам ёки шу каби йўловчилар сони ортгач, нарх ҳам табиий равишда ошади.

“Блогерлар интернетда ўтириб олиб, ана 70-80 минг сўмга қиммат олиб кетмоқда деб муҳокама қилмоқда. Ҳайдовчилик осон эмас. Биринчидан, асосий қатнов йўлининг аҳволи ёмон, талабга жавоб бермайди. Иккинчидан, тезлик радарларини олдингидек очиқ қўймаяпти. Радарларни йўл устида ҳар хил жойларга яшириб қўймоқда. Ўзим бир неча марта радарга тушдим. Радарга тушиб бизга жарима ёзилса, ҳеч ким жаримамизни тўлашга ёрдам бермайди”, дейди ҳайдовчи.

Мазкур ҳудудларга қатновчи ҳайдовчилардан бирига кўра, улар йўловчиларни олиб борадиган ҳудудларга давлат томонидан қўйилган транспортлар етарли эмас. Автомобилга қуйиладиган метан газининг нархи ҳам ошиб кетган. Топаётган даромадга мос келмайди. Республика йўл фондига тўлов ўз вақтида ундирилади. Аммо йўлларнинг аҳволи жуда ёмон. У мазкур маблағлар қаерга сарфланаётганини савол остига олди.

Кейин Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм вилоятларига қатновчи машиналар тураргоҳига бордик. Уларда ҳам аҳвол шу. Яъни йўл ҳақи ростан ҳам оширилган. Ҳайдовчиларнинг аксарияти вилоятдан мижозларсиз бўш машинада келгани ва шу сабали нархлар оширилганини айтмоқда.

“Бугун Қарши шаҳрига битта мижоздан 130-140 минг сўмдан олиб кетяпман. Одатда 60 минг сўмдан олиб кетардим. Чунки, Қашқадарёдан бўш машинада келяпмиз”, дейди Қашқадарёга қатнаётган ҳайдовчилардан бири. Аммо Тошкентдан уйларига қайтаётган йўловчилар бу ҳолат уларга қийинчилик туғдираётганини айтмоқда.

Охирида водий вилоятларига қатновчи ҳайдовчилар ва уйига қайтаётган йўловчилар билан суҳбатлашдик. У ерга борганимизда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ходимлари нархларнинг кескин ошиб кетишини одини олиш учун вазиятни назоратга олаётганининг гувоҳи бўлдик.

“Бу ерда ваколатимиз доирасида назоратимизни олиб боряпмиз. Ҳайдовчилар ҳам, йўловчилар ҳам хафа бўлаётгани йўқ. Йўл ҳақи арзон бўладиган бўлса, йўловчилар учун нисбатан арзон нархда алоҳида микроавтобус, дамас машиналарини ташкил қилиб беряпмиз. Аҳоли учун барча шароит яратилишига ҳаракат қиляпмиз. Нархлар ҳам у даражада қиммат эмас. Оширилишига етарли асос ҳам мавжуд эмас. Андижон шаҳрига 60-70 минг сўмга машиналар қўйдик. Мана ҳозир ҳам 40-50 минг сўм атрофида Қўқон шаҳрига Mercedes-Benz русумли микроавтобусда йўловчиларни ташимоқда. Ҳаммасин назоратимиз остида”, дея Транспорт вазирлиги Тошкент шаҳар бошқармаси ходими Аслиддин Файзиев ҳолатга ўз изоҳини бериб ўтди.

Автотураргоҳда вилоятга йўлга отланган йўловчиларга ҳам саволлар билан юзландик. Уларнинг баъзилари саволларимиздан қочган бўлса, айримлари нархлар қиммат эканидан шикоят қилди.

“Мана шу Damas русумли автомашинага 80 минг сўмга чиқдим. Бошқа ҳайдовчилар 120-150 минг сўм нарх айтмоқда. Менга мана шу нарх маъқул келгани учун шу ерга келдим”, дейди Андижон вилоятига кетаётган йўловчи.

Андижонга қатнаётган ҳайдовчилардан бири Андижонда нархлар ошганидан нолиди.

“Бир қоп ун 500 минг сўм. Ёғ нархи 50 минг сўмгача ошди. Айрим дўконлар ёпилиб бўлди. Картошканинг нархи ҳам ошиб кетди. Шунга қараб нархларни оширамизми, ахир?”, дея нархлар оширилганига ўз сабабини келтирди.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, биз айни вақтда касалликни миллат бирлашиши учун берилган имкон сифатида қарашимиз лозимлигини истардик. Бунда буткул ҳайдовчиларни қоралаш ёки оқлашдан ҳам йироқмиз. Ёки бўлмаса, юқоридаги муаммоларни асосий сабаб сифатида кўрсатишни ҳам истамаймиз. Бундай ҳолатда ҳамма ўзи учун хулоса қилгани маъқул. Ечимлар устида изланишларни давом эттириш керак. 

Лекин ҳозир вақтда ҳамма бир-бирига ёрдам бериши, коронавирус чекингунча инсонийлик ҳислатларини йўқотмасликларини ва халққа келган синовдан ўз манфаати йўлида фойдаланмасликларини сўраб қолардик. Зеро, биз бир вақтлари жаҳон уруши даврида бошқа миллат болаларини бағрига олган, бошини силаган халқмиз. Бизнинг номимиз доим улуғ бўлган, синовларда синмаган миллатмиз ва айни вақтда ҳам дунёга ўзимизни шундай кўрсатишимиз шарт.

Юқоридаги видеоматериалда барчаси батафсил кўрсатилган ва у билан  танишиб, ўзингиз учун хулоса қилишингизни истардик.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Радар йўл ҳақи Коронавирус COVID-19

Баҳолаганлар

106

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг