Тананинг энг “жонкуяр” аъзоси — сочларга нималар салбий таъсир қилади?
Саломатлик
−
11 Апрель 2021
9382Инсон чиройининг 80 фоизи юз териси текислиги ҳамда сочларнинг соғлом кўриниши билан ўлчаниши исботланган. Аммо турли сабабларга кўра, соч тўкилиши, жилосини йўқотиши мумкин. Ушбу мавзуда ССВ Матбуот хизмати Республика ихтисослаштирилган дерматология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари Илҳом Раҳимовга мурожаат қилди.
Мутахассисга кўра, бошда ўрта ҳисобда 50 мингдан 150 мингтагача соч толаси бўлиши меъёр ҳисобланади. Соч фолликуладан ўсиб чиқади. Фолликула остида эса соч қопчаси жойлашган бўлиб, у ерда соч илдизи ривожланади.
Қайд этилишича, соч қопчасида янги тола пайдо бўла бошлаганда, эскиси тўкилиб кетади. Бу табиий жараёндир. Яъни, ҳар куни 60-100 донагача соч тўкилиши мумкин. Ўртача 2 йилдан 4 йилгача яшайдиган соч толаси асосан кундузи ва кўпроқ баҳор ҳамда ёз ойларида нисбатан тезроқ ўсади.
"Соч — инсон организмидаги энг нозик ва энг “жонкуяр” аъзолардан бири. Чунки унинг тўкилишига тананинг бошқа аъзолари касалланиши ёки асаб толаларининг таранглашиши сабаб бўлади.
Сочнинг меъёридан ортиқ тўкилиши, аввало, нерв тизимининг умумий аҳволи бузилиши туфайли бошланади. Бунга ички секреция безлари, жигар, меъда-ичак йўли аъзолари фаолиятининг бузилиши, витамин етишмаслиги ёки соч фоликулалардаги туғма нуқсонлар ҳам туртки бўлиши мумкин", дейилган хабарда.
Мутахассисга кўра, себорея (ёғ ажралишининг бузилиши) натижасида ҳам сочнинг эрта тўкилиши эҳтимоли бор. Тана ҳароратининг баъзи инфекцион касалликлар оқибатида узоқ вақт юқори бўлиши, захмга чалинганда ва оғир операциялардан сўнг баъзида соч тўкилади. Бошнинг сочли қисми терисига замбуруғ юққанлиги натижасида ҳам сочлардан айрилиш мумкин.
Шунингдек, мутахассис асабий зўриқиш, ўта чарчаш ва бошқалар оқибатида кўпинча соч уя-уя ёки думалоқ-думалоқ бўлиб тўкилишини, баъзан имтиҳон даврида ўта толиқиш, уйқусизлик оқибатида ўқувчиларда ҳам соч камайиши кузатилишини маълум қилган.