Талабаларга стипендия тўлаш тўғрисидаги қарор муҳокамага қўйилди
Жамият
−
24 Сентябрь 2019
6552Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасалари талабаларига стипендиялар тўлаш тартиби ва миқдорлари тўғрисида”ги Қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Қарорга кўра 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Республика олий таълим муассасаларининг кундузги шаклида давлат гранти ва бир йиллик ўқитиш қийматининг стипендияли миқдорини тўлаган, тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларни (хорижий талабалардан ташқари) стипендия билан таъминлаш тизими жорий этилади.
Ҳужжатга мувофиқ ўқув йили учун тўлов-контракт қиймати миқдорига киритилган ҳар ойда тўланадиган стипендия суммаси талабага унинг ўзлаштириш кўрсаткичларидан қатъий назар тўланиши белгиланади.
2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида ўқитишнинг кундузги шаклида давлат гранти ва бир йиллик ўқитиш қийматининг стипендияли миқдорини тўлаган, тўлов-контракт асосида таълим олаётган ҳамда номли давлат стипендияларига тавсия этилган (хорижий талабалардан ташқари) Олий таълим муассасалари талабалари стипендияларининг базавий миқдорлари 1-иловага мувофиқ белгилансин.
Бунда, давлат гранти ва тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларга тўловни қайси кўринишда (стипендияли ёки стипендиясиз) амалга оширганидан қатъий назар, қуйидаги рағбатлантириш тўловлари тайинланади:
барча фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи фақат “аъло” баҳо (рейтинг кўрсаткичи 86 баллдан кам бўлмаган) бўлган талабаларга навбатдаги ўқув семестри давомида базавий стипендиянинг 15 фоизи миқдорида;
ўзлаштириш кўрсаткичи фақат “аъло” ҳамда “аъло” ва “яхши” баҳо бўлган ёки жамоат ишларида фаол ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож талабага навбатдаги ўқув семестри давомида тайинланган жами стипендияга нисбатан 50 фоизгача миқдорда;
иқтидорга эга, халқаро ёки республика ёки олий таълим муассасаси миқёсида талабалар ўртасида ўтказилган фан (таълим йўналиши) олимпиадалари ғолиби бўлган талабага базавий стипендия миқдорига нисбатан бир ўқув йили давомида қуйидаги тартибда алоҳида моддий рағбатлантириш тўловлари тайинланади:
• халқаро миқёсдаги олимпиада ғолибига – 50 фоиз;
• республика миқёсидаги олимпиада ғолибига – 25 фоиз;
• олий таълим муассасаси миқёсидаги олимпиада ғолибига – 15 фоиз.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат стипендияси ва Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Имом ал-Бухорий ва Ислом Каримов номидаги Давлат стипендияларини олувчи талабаларга стипендиялар тайинлаш ва тўлашнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади.
Бунда, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб номли давлат стипендияларини тўлаш билан боғлиқ харажатлар талабаларнинг давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида таълим олаётганидан қатъий назар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.
2019/2020 ўқув йилида олий таълим муассасаларининг давлат гранти асосида таълим олаётган битирувчи босқич талабалари учун стипендияларнинг базавий миқдорлари 2-иловага мувофиқ белгиланади ва талабаларнинг ўзлаштириш кўрсаткичига қараб стипендияларга қуйидаги табақалаштирилган коэффициентлар қўлланган ҳолда амалга оширилади:
• рейтинг бўйича энг юқори баллар (86 — 100 балл) — 1,0;
• рейтинг бўйича юқори баллар (71 — 85 балл) — 0,75;
• рейтинг бўйича ўртача баллар (55 — 70 балл) — 0,5.
Мазкур қарор 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб кучга эга эканлиги белгиланган.
1-Илова
Олий таълим муассасалари талабалари стипендияларининг базавий миқдорлари
Изоҳ: Ўзбекистон Республикаси Президентининг стипендиялар миқдорини ошириш тўғрисида фармони қабул қилиниши муносабати билан олий таълим муассасалари талабалари стипендияларининг базавий миқдорлари ўзгарган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғи билан олий таълим муассасалари талабалари стипендияларнинг жадвалда кўрсатилган миқдорларига тегишли ўзгартиришлар киритилади.
2-Илова
2019/2020 ўқув йилида олий таълим муассасаларининг давлат гранти асосида таълим олаётган битирувчи босқич талабалари учун стипендияларнинг базавий миқдорлари
Изоҳ: Ўзбекистон Республикаси Президентининг стипендиялар миқдорини ошириш тўғрисида фармони қабул қилиниши муносабати билан олий таълим муассасалари талабалари стипендияларининг базавий миқдорлари ўзгарган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғи билан олий таълим муассасалари талабалари стипендияларнинг жадвалда кўрсатилган миқдорларига тегишли ўзгартиришлар киритилади.