Тахтлар ўйини: Иордания қироли давлатдаги тўнтариш ҳақида барчасини ошкор қилди
Олам
−
08 Апрель 2021
6486Иордания Қироли Абдулла II биринчи марта давлат тўнтаришига уриниш ҳақидаги хабарларга изоҳ берди. Унинг укаси шаҳзода Ҳамза уй қамоғида сақланмоқда. Қиролнинг сўзларига кўра, тартибсизлик тугаган, аммо тергов давом этяпти.
“Менинг ака-ука, опа-сингилларим, Иорданиянинг битта оиласи фарзандлари, мен бугун сизга – мутлақ ишонч объекти ва қатъийлик манбаси бўлган оила ва уруғга юзланиб, исён бостирилганини айтиб ўтмоқчиман”, дейди Абдулла II фуқароларга мурожаатида.
Қиролнинг сўзларига кўра, у Ҳошимийлар оиласидаги шаҳзода Ҳамза муаммосини ҳал қилишга қарор қилган ва буни ўз амакиси шаҳзода Ҳасан бин Талолга топширган.
Шундан сўнг шаҳзода Ҳамза ўз оиласига оталар ва боболар йўлидан боришга, уларнинг хабарларига содиқ қолиш ва Иордания манфаатлари, унинг Конституцияси ва қонунларини бошқа фикрлардан устун қўйишга ваъда берган. Шу билан бирга, Абдулла II воқеаларнинг бошқа иштирокчиларига нисбатан тергов ҳали якунланмаганини айтди.
Қирол ушбу инқироз Иордания учун энг қийин эмас, балки шахсан ўзи учун оғриқли эканини таъкидлади.
“Мен Ҳошимийлар оиласининг биродари, ҳомийси ҳамда бу азиз халқнинг этакчиси сифатида шок, оғриқ ва ғазабни бошдан кечирдим”, дейди у.
Шунингдек, қирол Иордания иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечираётганини тан олди ва у халқ олдида турган муаммоларни тушунишини айтди.
Аввалроқ Иорданияда подшоҳни ағдаришда гумонланган 20 киши ҳибсга олинган эди. Улар орасида ҳукмрон сулола аъзоси Шариф Ҳасан бин Зоид, подшоҳнинг собиқ маслаҳатчиси, Молия вазири Бассем Авадаллу ҳам бўлган.
Шаҳзода Ҳамза уни уй қамоғига олингани ҳамда телефон ва интердан маҳрум қилинганини айтган. Шунингдек, у ҳеч қандай “чет эл фитнаси”га алоқадор эмаслигини айтиб, расмийларнинг ишини танқид қилганди.
Маълум вақт оралиғида Иордания оммавий ахборот воситаларида қироллик жанжалини ёритиш тақиқланди.
Маьлумот ўрнида, 40 ёшли Ҳамза бин Ҳусайн марҳум подшоҳ Ҳусайн ибн Талалнинг ўғли ва амалдаги монарх Абдуллоҳ II нинг ўгай укаси ҳисобланади. У 2004 йилда валиаҳд шаҳзода унвонидан маҳрум қилинган. Ҳозир 26 ёшли Ҳусайн ибн Абдуллоҳ валиаҳд шаҳзода ҳисобланади.
LiveБарчаси