Таиландда устозини ўлдирган ўқувчи бобоси ва бувисини ҳам отиб ташлагани аниқланди
Олам
−
08 август 2706 2 дақиқа
Аввалроқ, Таиландда 14 ёшли ўсмир мактабда ўқотар қурол билан ўт очиб, ўқитувчисини отиб ўлдиргани ва кейин ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар берилган эди. Таиланд полицияси эса уни мактабга боришидан аввал бобоси ва бувисини ҳам ўлдирганини маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳодиса оқибатида жами 8 киши ҳалок бўлган.
Ҳодиса Бангкок шаҳрининг шимоли-ғарбидаги нуфузли Дебсирин Нонтхабури мактабида юз берган. Отишма оқибатида 30 дан ортиқ киши жароҳатланган, улардан 9 нафарининг аҳволи оғир.
Мактабдаги инглиз тили ўқитувчиси Промпонг Намвонгнинг айтишича, воқеа содир бўлган пайтда у одатдаги иш куни билан машғул бўлган. Шу вақтда бошқа синфдан ваҳимага тушган ўқувчи унинг хонасига югуриб кириб, яшириниш учун жой излаган. Залда эса ўқитувчилар пастки қаватда оммавий отишма содир бўлаётганини айтиб бақирган.
Ўқитувчи 14 ёшли гумондорни ўз синфхонаси олдидан югуриб ўтаётганини кўрган.
“Ўша пайтда, албатта, ўламан деб ўйладим”, деган у воқеани эслар экан.
14 ёшли гумондор камида 26 марта ўқ узгани, унинг ёнидан яна 34 дона ўқ-дори топилгани айтилмоқда. Қурол унинг бобосига тегишли бўлган.
Ўқувчилар мактабдан эвакуация қилинаётган пайтда оёқ кийимларини ечиб, пайпоқда югурган. Уларнинг пойабзаллари синфхоналар, зинапоялар ва бошқа жойларда қолиб кетган.
Отишма вақтида мактабда бўлган санъат ўқитувчиси Пичанан Тхиенгтхам дастлаб овозларни ўқ овози деб ўйламаганини айтган.
“Ўқ овозлари жуда кўп эди ва узоқ вақт тўхтамасдан давом этди. Аввалига бу қурол овози эканига ишона олмадим”, деган у.
Воқеа жойига етиб келган тез ёрдам ходими Киатикун Верапонгпрадитхнинг айтишича, унинг жамоаси отишма давом этаётган пайтда мактабга етиб борган. Улар орқа, кўкрак ва қўл қисмларидан жароҳатланган ўқувчиларга ёрдам кўрсатган.
“Биз мактабнинг юқори қаватида ҳалок бўлган эркак ўқитувчини топдик. Бошқа хонада эса кўкраги ва қўлидан яраланган аёл ўқитувчи бор эди”, дея воқеани тасвирлаган тез ёрдам ходими.
Таиланд Бош вазири Анутин Чарнвиракул мамлакатда қурол сақлаш ва олиб юриш бўйича янги қонунлар жорий этилишини маълум қилган. Унга кўра, янги тартиб ҳукуматнинг хизмат вазифасини бажараётган ходимларидан бошқа шахсларнинг қурол олиб юришини чеклаши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германиянинг шимолидаги Штаде шаҳрида жойлашган Ёшлар ижтимоий таъминоти муассасасида содир бўлган отишма оқибатида 5 киши ҳалок бўлган эди.
Live
Барчаси