Таиландда тўртинчи хотин рашк туфайли эрининг бешинчи хотинини отиб ўлдирди
Олам
−
17 Октябрь
5902Таиландда аёл рашк сабаб эрининг бешинчи хотинига ўқ узди ва уни ўлдирди. Бу ҳақда “The Thaiger” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, воқеа жорий йилнинг 15 октябрь куни жанубий Накхонситхаммарат провинциясидаги плантацияда содир бўлган. 37 ёшли аёл Тханяпорн полицияга таслим бўлиб, эрининг бешинчи хотини 40 ёшли Вассанага қарата ўқ узганини тан олган. Унинг эри Чатчай ўзаро жанжалнинг гувоҳи бўлган ва полицияга икки хотини билан бирга яшаб келган уйда отишма рўй бергани ҳақида тушунтириш берган.
Қайд этилишича, воқеадан бироз аввал икки аёл эркакнинг вақтини кўпроқ Вассана билан ўтказгани сабаб жанжаллашиб қолган. Чатчай хотинларини тинчлантириш учун тўппончадан ерга қарата ўқ узган, лекин бу можарони янада кучайтирган. Келишмовчилик чоғида Тханяпорн қисқа вақтга қуролни қўлига олиб, бир неча марта ўқ узган. Оқибатда Вассана бўйин, бел ва оёқ қисмидан ўқ еган. Шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолишолмаган.
Отишмадан сўнг Чатчай воқеа жойидан қочиб кетган, бироқ эртаси куни ҳибсга олинган. У воқеадан афсусда эканини маълум қилган ва давомли равишда ўзининг айбсизлигини таъкидлаган. Маълумотларга кўра, ҳозирча полиция ҳеч кимга расмий айблов қўймаган.
“World population reveiw” сайти маълумотларига кўра, Таиландда кўп хотинлик қонун бўйича тақиқланган. Шунингдек, дунёнинг 47 давлатида ҳукумат бунга расман рухсат берган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 126-моддасига кўра, кўп хотинли бўлиш, яъни умумий рўзғор асосида икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшаш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Бундан ташқари, Оила кодексининг 16-моддасига асосан лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида никоҳ тузишга йўл қўйилмайди.
Шунингдек, икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилиш, ушбу мазмундаги қарашларни, ғояларни ёки чақириқларни тарқатиш, шунингдек, бундай хатти-ҳаракатларни рағбатлантириш БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача (4 миллион 950 минг сўмдан 9 миллион 900 минг сўмгача) жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда “ЗАГС”сиз никоҳ ўқиганларга жиноий жавобгарлик белгиланган эди.
LiveБарчаси