Тадбиркорларда муаммо бўлиши инвестиция муҳитига таъсир қилади – Умурзоқов
Жамият
−
14 Декабрь 2021
5425Тадбиркорларнинг муаммолари бўлиши, бизнес ва инвестициявий муҳитга катта таъсир кўрсатади. Шу сабабли Ўзбекистонда тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этишда кўмаклашувчи Бизнес-омбудсман институти ташкил этилган. Бу ҳақда бугун, 14 декабрда Бош вазир ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов “Ҳудудлараро ҳамкорлик ва бизнес яхлитлигини мустаҳкамлаш” мавзусидаги халқаро форумда маълум қилди.
QALAMPIR.UZ журналисти форумда бевосита иштирок этиб, Сардор Умурзоқовдан Ўзбекистондаги Бизнес-омбудсман фаолиятини қандай баҳолашини сўради.
“Ўзбекистонда Бизнес-омбудсман янги тизим, лекин оёққа туряпти. Россия Бизнес-омбудсмани Борис Титов Ўзбекистонда Бизнес-омбудсманга берилган ваколатларни алоҳида эътироф этди. Россия омбудсманига ҳам бундай кенг ваколатлар берилмаган экан. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Бизнес-омбудсман ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган”, дейди у.
Умурзоқов сўзида давом этиб, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан қиладиган ишлар жуда кўплиги, шунингдек, бугунги кунгача бу тизим оёққа тургани, шакллангани ва ўз натижасини кўрсатишни бошлаганини таъкидлади.
QALAMPIR.UZ Ўзбекистонда тадбиркорларнинг ҳуқуқи бузилиши, уларга нисбатан ноҳақликлар бўлиши, Ўзбекистонга инвесторлар келиши ва инвестиция киритишга қанчалик салбий таъсири борлигини сўради.
“Албатта, тадбиркорларнинг муаммолари бўлиши бизнес ва инвестициявий муҳитга катта таъсир қиладиган омиллардан бири. Шу сабабли ҳам бизнес-омбудсман билан ҳамкорликни йўлга қўйиб бирга ишлашга қарор қилганмиз”, дейди Инвестиция ва ташқи савдо вазири.
Маълумот учун, ушбу форум Ўзбекистон тарихида илк марта Европа ва Осиё тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакиллар яъни Бизнес-омбудсманлар иштирокида ўтказилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь