Табиий газ “счетчик”лари 2021 йил 1 августга қадар “Госстандарт”дан ўтказилмайди
Жамият
−
05 Ноябрь 2020
8533Табиий газ ҳисоблагичларини даврий қиёслашдан ўтказиш муддати 2021 йил 1 августга қадар узайтирилди. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги Матбуот хизмати маълум қилди.
Замонавий газ ҳисоблагичларни оммавий ўрнатиш ҳақидаги хабардан сўнг, жойларда газ ҳисоблагичларни қиёслаш бўйича мурожаатлар кўпайган. Агентлик аҳоли оворагарчилигига чек қўйиш ва ортиқча пул маблағлари сарфлашининг олдини олиш учун, табиий газ ҳисоблагичларни даврий қиёслашдан ўтказиш муддатини 2021 йил 1 августга қадар узайтириш ташаббуси билан чиқди.
Шунга кўра, 2021 йил 1 августга қадар Республиканинг барча ҳудудларида истеъмолчиларга замонавий ҳисоблагичларни ўрнатиб, табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини тўлиқ жорий этилиши режалаштирилган.
“Ҳукумат томонидан бу масала қўллаб-қувватланди. “Счетчик”ни даврий текширувдан ўтказиш муддати ўтган бўлса-да, ҳисоб-китоблар ҳозирда уйингизда ўрнатилган ҳисоблагичлар асосида амалга оширилади”, дейилади Агентлик хабарида.
Қайд этилишича, 2021 йил 1 августга қадар эски кўринишдаги (электрон бўлмаган) газ ҳисоблагичларини қиёслаш учун аризалар қабул қилиниши тўхтатиб турилади.
Динара Юсупова