Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ташкил этилади
Жамият
−
06 Май 6358 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузурида Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ташкил этилади. Бу ҳақда кеча, 5 май куни қабул қилинган “Таълим сифатини таъминлаш ва таълим хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармонида сўз боради.
Фармонга кўра, агентлик ўрта махсус, касбий, олий ва олий таълимдан кейинги таълим, шунингдек, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ташкилотларини (таълим ташкилотлари) комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан ўтказади.
Бунда:
- комплекс давлат аккредитацияси ҳар 5 йилда таълим ташкилотларини ташқи баҳолаш натижалари асосида ўтказилади;
- махсус давлат аккредитацияси кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилаётган таълим дастурлари бўйича ўқув жараёни бошланишидан олдин ўтказилади.
2025 йил 1 июлдан янги ташкил этиладиган таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш 2 босқичда амалга оширилади:
- 1-босқичда фаолиятни бошлаш учун ўрта махсус, касбий, олий ва олий таълимдан кейинги таълим ташкилотлари ўрнатилган тартибда лицензияланади, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш таълим ташкилотлари хабардор қилиш тартибида ташкил этилади;
- 2-босқичда таълим ташкилотларининг кадрлар тайёрлаш йўлга қўйиладиган таълим дастурлари махсус давлат аккредитациясидан ўтказилади.
Бунда:
- махсус давлат аккредитациясидан ўтмаган таълим дастурлари бўйича таълим олувчиларни ўқишга қабул қилишга йўл қўйилмайди;
- махсус давлат аккредитациясидан ўтмасдан қабул жараёнини амалга ошириш лицензия талаб ва шартларини қўпол равишда бузиш деб баҳоланади ва таълим ташкилотига берилган лицензиянинг бекор қилинишига асос бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мазкур фармон билан Ўзбекистонда 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб сиртқи таълимга барча йўналишлар учун қабул бутунлай ёпилиши хабар қилинганди.
Live
Барчаси