Трамп Зеленскийдан Украинани “сотиш”ни талаб қиляпти

Таҳлил

АҚШ вице-президенти Ж.Д Вэнс Мюнхен конференциясида Қўшма Штатлар ва Европа ўртасидаги жуда яқин муносабатлар кейинги 4 йилликда ўзгача кўриниш олишига ишора қилгач, Кўҳна қитъа етакчилари анча ҳушёр тортди. Трамп эса Саудия Арабистонида фақатгина АҚШ ва Россия ўртасида музокара бўлишини маълум қилгач, Европанинг етакчи давлатлари Оқ уйдаги янги маъмуриятнинг сўнгги вақтлардаги тушунарсиз қадамлари ортидан Парижда фавқулодда саммит ўтказди. Саудиядаги руслар ва америкаликлар ўртасида учрашув ҳам ортда қолди. Ар-Риёд ва Парижда томонлар баъзи умумий масалаларга тўхталиб, кейинги ҳаракатларни келишиб олди. Аммо Трамп кейинги соатларда кутилмаганда Киевдаги олий ҳокимиятга қарши кескин риторикага ўтди. У томонидан дастлабки тақдим қилинган салкам талончиликни кўзда тутувчи табиий бойликларнинг катта қисмини АҚШга топшириш тўғрисидаги келишувдан Зеленский воз кечгани туфайли шундай бурилишлар содир бўлди. Бир зумда у Зеленскийнинг Путиндан кам бўлмаган “душман”ига айлангандек таассурот уйғотди. Энди у ҳам худди Москвадаги “дўсти” сингари Зеленский ҳокимиятини легитим эмас дея ҳисоблашни бошлади. Бу ва бошқа воқеалар ривожи АҚШ Украинадан “қўлини тортаётгани”дан дарак бермоқда. Бу эса океан ортидаги бугунги раҳбарият нафақат Украинадан, балки, бутун Европа хавфсизлигини таъминлашдан ўзини четга оляпти деган гумонларни урчитди. Шунинг учун Европа давлатлари етакчилари эндиликда мудофаа харажатларига ҳар қачонгидан-да кўпроқ маблағ ажратишга тайёр. Кўпчилик буни қитъа учун мутлақо янги ва ўзгача давр дея баҳоламоқда. Бироқ шундай бўлса-да, баъзи Европа етакчилари ва хусусан, Зеленскийнинг ўзи ҳали ҳануз АҚШ ёрдамининг давом этишидан умид узгани йўқ. У ўз мамлакати бойликларини хавфсизлик кафолати эвазига адолатли тарзда бартер қилиш кўзланган ўзаро манфаатли бўлган иккинчи таклифни муҳокама қилиши кутилмоқда. Қуйида мазкур ҳафта ва яқин ортда қолган соатларда юқорида қайд этилган воқеликлар ва уларнинг тафсилотларига батафсил тўхталамиз.

Европа етакчиларидаги қўрқув

Трампнинг Мюнхенга Вэнс орқали бериб юборган кутилмаган “сюрприз”дан сўнг Европа етакчилари Парижда фавқулодда саммит ўтказиб, Трамп маъмуриятининг Европа иштирокисиз Москва билан музокаралар олиб бориш режаларига нисбатан нима қилиш кераклигини муҳокама қилди. Учрашув якунлари бўйича аниқ қарорлар эълон қилинмади, бироқ Европа Иттифоқи ва НАТО давлатлари бундан буён мудофаага кўпроқ сармоя киритиш ва Киевга ишончли хавфсизлик кафолатларини тақдим этиш зарурлигини билдирди. Музокараларда Франция, Буюк Британия, Германия, Италия, Испания, Дания, Польша, Нидерландия етакчилари, шунингдек, НАТО ва Европа Иттифоқи раҳбарлари иштирок этди. Учрашув иштирокчиларидан бири бўлган НАТО Бош котиби Марк Рютте Европа олдинга қадам ташлашга ва Украина учун хавфсизлик кафолатларини таъминлашда етакчилик қилишга тайёрлигини маълум қилди. Париждаги учрашувни уюштирган Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳам саммитдан кейин худди шу мавзуга тўхталди. У европаликлар ҳозир ва келажакда мудофаага кўпроқ сармоя киритишлари кераклигини таъкидлади. Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер эса Париждаги саммитдан сўнг келаси ҳафта АҚШ Президенти Дональд Трамп билан узоқ муддатли тинчликни муҳокама қилиш учун АҚШга боришини айтди. Бу орада эса Швеция ва Британия Украинага тинчликпарвар кучларни юборишга тайёрлигини ҳам маълум қилди. 19 февралда эса Нидерландия Украинага тинчликпарвар кучларни жўнатиш эҳтимолини кўзда тутувчи резолюцияни қабул қилди, аммо бу фақат Россия билан сулҳ тузилгандан кейин амалга оширилиши мумкинлиги белгиланди. Аммо тинчлик сулҳидан кейин Украинага қўшин жойлаштириш масаласида қитъа етакчиларида бир-биридан кескин фарқ қилувчи қарашлар бор. Жумладан, “Financial Times” хабарига Париждаги учрашув чоғида Европанинг айрим етакчилари, хусусан, биринчи навбатда, Германия, Польша ва Испания Украинага тинчликпарвар кучларини юборишни истамасликларини маълум қилишган. Бироқ шундай бўлишига қарамай, канцлер Олаф Шольц Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттириш зарурлигини айтиб, Германия мудофаага сармоя ётқизишни давом эттиришини таъкидлаган. У шунингдек, Европа давлатлари ўз ялпи ички маҳсулотининг 2 фоизидан кўпроғини мудофаага сарфлашни режалаштирса, Европа Иттифоқи бюджет масалаларида янада мослашувчан бўлиши кераклигини ҳам айтди. Шольцнинг мудофаа харажатларини ошириш ҳақидаги мавзуга тўхталиши бежиз эмас, албатта. Чунки Трампнинг иккинчи муддати давомида қитъа давлатларининг хавфсизлик муаммоси тўлақонли равишда ўз гарданида қолиши ойдинлашиб бормоқда.

Дональд Трамп эса кўпдан буён НАТО давлатлари ўз мудофаа харажатларини ЯИМнинг 5 фоизига етказишни талаб қилиб келади. Бу эса олдиндан келишилган 2 фоизлик нормадан анча юқори. Бу ҳам етмагандек, бугунги кунда НАТОга аъзо 32 давлатдан фақат 23 тасигина альянсга ўз ЯИМидан 2 фоиз ажрата олади, холос. Шу боис “Financial Times” Трамп ўз талабларини юмшатиб, харажатларнинг миқдорини 3-3,5 фоизгача белгилашни талаб қилиши мумкинлиги ҳақида хабар берди. Украинага қўшин юбориш ғоясига келадиган бўлсак, Трамп бунга қарши эмас, ҳатто буни қўллаб-қувватлаган. Аммо бу миссияда америкалик аскарлар иштирок этмаслигини қўшимча қилган. Унинг маъмурияти Европа давлатларидан Украинага юборилиши мумкин бўлган қўшинлар сони ва қуролланиш тури бўйича маълумот тақдим этишни сўраган холос. Шу билан бирга, Европа давлатлари АҚШ қўллаб-қувватлашини давом эттириш зарурлигини тинимсиз таъкидлаб келишяпти. Европа махсус хизматлари эса АҚШ қўшинларининг Европадан чиқарилиш эҳтимолидан хавотир билдирганди. Ҳатто Мюнхен конференциясининг сўнгги кунида ҳам АҚШ вице-президенти Ж.Д. Вэнс томонидан мана шундай тарихий қарор эълон қилиниш хавфи мавжуд эди. Аммо Трамп яқинда бундай эҳтимоллар ва тахминларни рад қилди. Статистик маълумотларга кўра эса бугунги кунда Европада 70 мингга яқин АҚШ ҳарбийлари мавжуд. Уларнинг асосий қисми эса Германия, Италия ва Британияда жойлашган. Жумладан, Германияда айни пайтда 35 минг АҚШ қўшини бўлса, Италия ва Британияда мос равишда 12 ва 10 минг америкалик ҳарбийлар фаолият олиб боради. Бу рақамлар эса АҚШ Европа хавфсизлигида қанчалик муҳим ўрин тутишини кўрсатиб берувчи кўп сонли далиллардан бири холос.

Хўш, Қўшма Штатлар ўз қўшинларини кўп эҳтимол Европадан олиб чиқиб кетмайди. Аммо бу билан қитъадаги хавфсизлик масаласи узил-кесил ҳал бўлмайди. Чунки узоқ йиллардан бери Европа хавфсизлиги ва Украина тинчлиги тушунчалари бир-бири билан чамбарчас боғлиқдир. Шунинг учун бу борада эътибор қаратилиши лозим бўлган энг устувор масала шубҳасиз Украинадир. Шу боис фавқулодда саммит ўтказилгандан сўнг, Европа Иттифоқи Украинага мисли кўрилмаган даражадаги ҳарбий ёрдам пакети тайёрлаётгани ҳақида хабар тарқалди. “News Week” нашрининг хабар беришича, бу сумма 700 млрд еврони ташкил қилиши мумкин. Нашрга кўра, бу миқдор Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок томонидан айтилган. Таққослаш учун, бу сумма Россиянинг Украинага босқини бошлангандан буён то бугунгача Европа ва АҚШ томонидан Киевга берилган умумий ёрдамдан икки баробар кўпдир. Бербок эса бу пакет хавфсизлик кафолатларини таъминлаш учун ва европаликлар ўз хавфсизлиги учун ҳар қандай масъулиятни ўз зиммаларига олиши лозимлигини баён қилган.

“Биз катта миқдордаги ёрдам пакетини ишга туширамиз. Евро ёки корона инқирози каби энди Европада хавфсизликни таъминлаш учун ҳам молиявий пакет мавжуд. Бу яқин келажакда амалга ошади. Биз европаликлар, немислар сифатида Украина томонида ҳарбий, гуманитар ва молиявий кўмак билан қатъий турибмиз. Европаликлар сифатида ўз хавфсизлигимиз учун ҳар қандай масъулиятни ўз зиммамизга оламиз”, дейди Анналена Бербок. 

Маълумотларга кўра, ушбу ёрдам пакети Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ўртасидаги қўшма қарз ҳисобидан молиялаштирилиши мумкин, бу механизм эса коронавирус пандемияси даврида синовдан ўтган. Маълумотларга кўра, Европа Иттифоқи ушбу лойиҳани сир сақлашни хоҳлаган, бироқ Бербок бу махфийликни АҚШ расмийлари Европа расмийларига ўз талабларини билдирганидан кейин ошкор қилган. Хабарда айтилишича, харажатлар режаси Германияда 23 февраль куни бўлиб ўтадиган сайловлар якунига қадар эълон қилинмайди. Бундан ташқари, бир қатор Европа етакчилари сингари Эммануэль Макрон ҳам Европа мудофаа харажатларини ошириш ва хавфсизлик имкониятларини мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади. Ҳатто унинг айтишича, бу борадаги тегишли қарорлар яқин орада қабул қилинади. Шунингдек, Макрон Украинада хавфсизликни таъминлаш бўйича жавобгарликни ўз зиммасига олишга тайёр эканини ҳам билдирди.

“Биз Украинада мустаҳкам ва ишончли тинчлик бўлишини истаймиз. Биз Украинани қўллаб-қувватлаймиз ва Европада тинчлик ҳамда хавфсизликни таъминлаш бўйича тўлиқ жавобгарликни ўз зиммамизга оламиз. Бу Франциянинг асосий манфаатидир ва мен унинг кафолати бўламан”, деб ёзди.

Путин Украинани тўлиқ эгаллашдан воз кечмаганми?

18 февраль куни Владимир Путин ўз делегациясини Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдга юборди ва у ерда уларнинг АҚШ вакиллари билан учрашуви ҳафтанинг энг муҳим воқеаларидан бири сифатида эътибор марказида бўлди. Музокараларнинг асосий мақсади Украинадаги урушни тўхтатиш имкониятларини муҳокама қилиш ва АҚШ ҳамда Россиянинг сўнгги 3 йил давомида издан чиққан муносабатларини нормаллаштиришга қаратилгани айтилди. Қайсидир маънода шундай бўлди ҳам. Аммо бу пайтда NBC News АҚШ разведкасининг 4 вакили ва Конгрессдаги икки аъзога таяниб, “Путин ҳали ҳам Украина ва Европани сабр-тоқат билан кутиш ва келажакда бутун мамлакатни босиб олиш имкониятига умид қилаётгани” ҳақида хабар берди. Унга кўра, Россия Президенти Владимир Путин гарчи АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти билан урушни тугатиш бўйича музокаралар бошланган бўлса ҳам, у ҳали-ҳануз бутун Украинани босиб олиш ниятидан воз кечгани йўқ. АҚШ разведка ходимларидан бирининг нашрга билдирган фикрига кўра, “Путин ўзини ғалабага жуда яқин деб ҳисоблайди ва ҳозирча Россия армиясининг жиддий йўқотишлари ҳам уни ўз мақсадларини қайта кўриб чиқишга ёки урушни тўхтатишга мажбурламаяпти”. Шунингдек, Путин музокаралардан армияни тиклаш ва ўз позициясини мустаҳкамлаш учун вақт ютиш воситаси сифатида фойдаланиши мумкин. Разведка вакилларининг таъкидлашича, Россия Президенти ўз қўшинларини Украинадан олиб чиқишни ёки мамлакат ғарбий ҳудудларида жойлаштирилган ҳарбий техника ва контингентни камайтиришни режалаштирмаяпти. Бундан ташқари, Трампнинг вакиллари Украина НАТОга аъзо бўлиши эҳтимолдан йироқ эканини билдиргани ҳам Путинга жуда катта ишонч бағишлаган. Ғарбдаги кўплаб расмийлар Путин реал муросага ёки узоқ муддатли тинчлик келишувига тайёр эканига шубҳа билан қарамоқда. Уларнинг фикрича, Россия билан олиб борилаётган ҳар қандай музокаралар Ғарбнинг эҳтимолий ён бериш чизиғини аниқлаш ва Путиннинг халқаро майдонга қайтиш мақсадида қилаётган кўзбўямачилиги бўлиши мумкин. Америкалик амалдорларнинг фикрича, иттифоқчилар томонидан етказилган разведка маълумотлари ва АҚШнинг ўз таҳлиллари Путиннинг Украина борасидаги кенг қамровли амбициялари ўзгаришсиз қолаётганини тасдиқлайди.

Қисқа қилиб айтганда, воқеалар ривожи мазкур ҳафтада тўлиқ Москва фойдасига қараб бурилиб кетди. Шу кунгача унинг Украинадаги амбицияларига катта ғов бўлиб келган АҚШ бошқарувида бугун мутлақо бошқа инсонлар. Ўз хавфсизлиги учун эндигина ростманасига жиддий ўйлашни бошлаган Европа давлатларида эса Россияга қарши стратегик ишланмалар тез орада тайёр бўлиши ва реализация қилинишига ишониш бироз қийин. Бу эса Украинага қилинган босқиннинг 3 йили тугаши арафасида Кремлда ўзгача байрам шукуҳи ҳукм суришига олиб келиши тайин. Ўз нутқлари орқали дунё сиёсатида жиддий дисбаланс ҳосил қилаётган Оқ уйдаги қариянинг Зеленскийга қарши қилган кейинги чиқишлари эса Путинни навбатдаги “совғалар” тўплами билан кўмди дейиш мумкин.

Трамп Зеленскийдан қутулмоқчи

Дональд Трампнинг Украина масаласига ёндашуви Байденникидан маълум даражада фарқланиши кутилганди. Аммо бугунгидек тубдан ўзгача позицияни эгаллаши кўпчилик томонидан тахмин қилинмаганди. Ҳаммаси 18 февраль кунига қадар, яъни Ар-Риёддаги музокаралар ва Мар-а-Лаго қароргоҳида бўлиб ўтган матбуот анжуманига қадар бироз силлиқ тарзда кечаётганди. Аммо шу куни барчаси бошқача кўриниш олди. Трамп шу лаҳзалардан бошлаб Зеленский ва унинг ҳокимиятини таҳқирлай бошлади. Унинг бу ҳаракатлари эса кўп эҳтимол Зеленский Ар-Риёддаги музокараларнинг ҳеч бир натижасини тан олмаслик ва у ерга Украина таклиф этилмаганидан нолигани ортидан бошланди. Трамп ўзининг Мар-а-Лагодаги қароргоҳида ўтказилган матбуот анжуманида бу ҳолатга изоҳ бериб, Зеленскийни кескин танқид қилди.

“Бугун мен уларнинг: “Бизни таклиф қилишмади”, деганларини эшитдим. Сиз уч йил у ерда эдингиз, уч йил олдин уни тўхтатишингиз керак эди. Сиз буни бошидан бошламаслигингиз керак эди. Келишувни аввалроқ ёпишингиз мумкин эди. Мен Украина учун шартнома тузишим мумкин, уларга деярли барча ҳудудни беришим мумкин эди. Аммо улар бундай қилмасликка қарор қилишди. Президент Байден эса бу масалада қанчалик хато қилганини билмайди. Бу даҳшатли ва ачинарли”, деди АҚШ Президенти.

Трамп Байден ҳам, Зеленский ҳам ўзларининг заиф раҳбарлиги туфайли ҳеч қачон содир бўлмаслиги керак бўлган урушга эшик очди, дея таъкидлади. Бундан ташқари, у Саудия Арабистонида музокаралар яхши бошланганини айтиб, жараён муваффақиятли бўлишига умид билдирди. АҚШ Президенти, шунингдек, Украинада сайловлар узоқ вақтдан бери ўтказилмагани ва халқ Президент Зеленскийдан унчалик мамнун эмаслигини ҳам иддао қилди.

“Украинада сайловлар бўлганига анча вақт бўлди. Бунинг Россияга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Буни нафақат мен, балки бошқа кўплаб давлатлар ҳам айтмоқда. Украинадаги шаҳарлар том маънода Ғазога ўхшайди. Одамлар бундан чарчаган. Одамлар бирор нарса бўлишини хоҳлашади”, деди Трамп.

Энг ҳайратланарлиси шундаки, шу матбуот анжуманида амалдаги АҚШ президенти мазкур ҳафтада энг кўп муҳокама ва танқидларга сабаб бўлган гапларни айтди. У Кремль пропаганда машинасига эргашган ҳолда, Зеленскийнинг айни пайтда Украинадаги рейтинги 4 фоизгача тушиб кетгани ҳақидаги ғийбатни расмийлаштиришга ҳаракат қилди. Унинг мазкур чиқиши эса қисқа вақт ичида кўплаб дунё расмийларининг танқиди ва қоралашларига сабаб бўлди. Орадан бир кун ўтиб, Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг ўзи мамлакатда президентлик сайловларини ўтказишга чақирган АҚШ етакчиси Дональд Трампга жавоб қайтариб, ўз рейтинги ҳақидаги бу рақам Россиянинг дезинформацияси экани, асл ҳолат мутлақо бошқачалиги ва агар кимдир уни алмаштиришни истаса, бунинг иложи йўқлиги ҳақида гапирди. Шунингдек, у бундай дезинформацион қобиқ ичида юрган Трампга ҳамдард эканини ҳам қўшимча қилди.

“Ҳозирда менинг ишонч рейтингим 57 фоизни ташкил этади. Шунинг учун агар кимдир мени ҳозир алмаштиришни истаса, демак, ҳозир буни қилишнинг иложи йўқ. Биз 4 фоиз ҳақидаги дезинформацияни кўрдик, бу Россиядан келганини тушунамиз ва бу рақамлар Америка ва Россия томонидан муҳокама қилинаётганига оид далилларимиз бор. Мен фақат бу дезинформацион маконда бўлган Президент Трампга ҳамдард бўлишим мумкин”, деган Зеленский.

19 февраль куни эса Трамп ўзига қарашли Truth Social платформасида Зеленскийга қарши росмана уруш очди. У Украина президентини “ўртамиёна комедиант ва “сайловсиз диктатор” деб атади.

“Сайловсиз диктатор, Зеленский тезроқ ҳаракат қилгани маъқул, акс ҳолда унинг мамлакати қолмайди. Айни пайтда биз Россия билан урушни тугатиш бўйича муваффақиятли музокаралар олиб бормоқдамиз, буни ҳамма тан олади, фақат Трамп ва Трамп маъмурияти буни қила олади. Байден ҳеч қачон ҳаракат қилмаган, Европа тинчликка эриша олмади. Мен Украинани яхши кўраман, лекин Зеленский даҳшатли иш қилди, унинг мамлакати вайрон бўлди ва миллионлаб кишилар беҳудага ўлиб кетди ва шундай давом этмоқда ....” дейди Трамп.

Шунингдек, Трамп АҚШ Украинага 350 миллиард доллар сарфлагани, бу миқдор Европанинг ёрдамидан 200 миллиардга кўплигини айтди. Бироқ Трампнинг фикрича, Европада харажатларини қоплаш имконияти бор, АҚШ эса бундай имкониятдан Байден туфайли маҳрум бўлган. Аммо шу ўринда, аввалроқ, Зеленский ҳам харажатлар борасида баъзи рақамларга тўхталиб ўтганди. Украина раҳбари босқиндан ҳимояланиш шу кунгача умумий ҳисобда 320 млрд долларга тушганини маълум қилганди. Бунда Украина 120 млрд АҚШ ва Европа Иттифоқи эса биргаликда 200 млрд сарфлагани айтилди. Зеленскийга кўра шу 200 млрд ёрдамдаги АҚШнинг алоҳида улуши 67 млрд долларни ташкил қилган.

Юқорида харажатлар мавзуси бекорга кўтарилгани йўқ. Чунки Трампнинг Зеленскийга қарши бундай риторикага ўтишига фақатгина Ар-Риёддаги музокаралар атрофида рўй берган воқеалар сабаб бўлмади. Бу ерда бошқа бир жиддий омил ҳам бор. Гап шундаки, бир неча ҳафтадан буён Трамп Украинани ҳимоя қилиш энди текинга амалга оширилмаслиги, бунинг учун Киев ўзига яраша ҳақ тўлаши лозимлигини айтиб келди. У буни амалга оширишга ҳам киришди. Икки ўртада жуда улкан ҳажмдаги табиий ресурслар ҳақида сўз борди. Содда қилиб айтганда, Трамп бу ердаги табиий бойликлардан тушадиган даромаднинг тенг ярмини талаб қилди. Аммо Зеленский 19 февраль куни иқтисодий қарамликдан бошқа ҳеч нарса бўлмаган бундай таклифни рад қилганини маълум қилди. Зеленскийнинг гапларидан бу шунчаки Украинани талаш ва уни шип-шийдам қилиш тўғрисидаги шартнома бўлганини англаш қийин эмас. Чунки унга кўра, Трамп маъмурияти 50 фоизлик планкани туширишни хоҳламаган, фоизлар борасида савдолашмаган, устига устак бунинг эвазига АҚШ ҳеч нарса таклиф қилмаган, жумладан хавфсизлик кафолатлари ҳам. Зеленский ўтган ҳафта агар икки томон учун ҳам манфаатли кўринишда бўлса, бу келишувга қарши эмаслигини, музокараларга тайёрлигини билдирганди. Бироқ кейинчалик АҚШнинг шартномага таҳқирли ёндашуви уни бу фикрдан қайтарди. У Украинани сотмаслигини маълум қилиб, АҚШга қисқа қилиб, йўқ деди. Ҳойнаҳой қариянинг инжиқлиги шундан сўнг қўзиган ва бундан қаттиқ жиғибийрон бўлган. Шу боис Трамп кейинги соатларда қаерда ва қайси мавзуда чиқиш қилмасин, унда Зеленскийга тошлар отишни бошлади.

Европа АҚШсиз жипслашиш ҳаракатидами?

2022 йил 24 февраль ва ундан кейинги кунларнинг манзараси кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак. Ўшанда Россия агрессиясидан жабрланаётган украиналиклар атрофида дунёнинг катта қисми энг камида қалбан жипслашган, миллиардлаб дунё аҳолиси уларни қўллаётган эди. Орадан 3 йил ўтди. Босқин эса ҳали ҳам давом этмоқда. Бу 3 йил ичида нафақат Шарқий Европада, балки ер юзининг бошқа қисмлари, хусусан, Яқин Шарқда ҳам Украинадан кам бўлмаган, керак бўлса ундан ҳам оғирроқ инқирозлар содир бўлди. Украина яраси эса вақти-вақти билан орқа планлардан ўрин олиши одатга айланди. Бугун эса расмий Киев худди босқин бошланган кундагидек қўлловга муҳтождек ва бу жараён қайсидир маънода такрорланяпти ҳам. Трампнинг ғазаб аралашган ва Путинни кўнглини хушловчи баёнотларидан кейин бу янада долзарблашди. Масалан, 21 февраль куни Зеленский ўзининг Telegram’даги каналида кўплаб давлат расмийлари билан бир кунда суҳбат олиб боргани, улар ичида Польша, Хорватия, Чехия, Люксембург, Словения, Ирландия ва ҳатто Кот-ди-Вуар каби давлатларнинг етакчилари борлиги ҳақида ёзди. Украина Президенти бирдамлик ва қўллаб-қувватлашлар учун барчага миннатдорлик билдирди. Юқори даражали расмийлар ичида Германия раҳбарлари ҳам бу борада Зеленскийни қўллаб-қувватлади. Жумладан, канцлер Олаф Шольц АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Украина етакчисини диктатор деган даъвосини кескин рад этиб, Зеленский қонуний сайланган раҳбар экани ва ҳарбий тажовуз шароитида сайловлар ўтказишнинг иложи йўқлиги Украина Конституцияга мувофиқ бўлишини эслатди. Шу билан бирга, Трампнинг Зеленский ҳақидаги баёнотлари Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок томонидан ҳам кескин танқид остига олинди. Бербок Украина аҳолиси эркин демократия учун ҳар куни кураш олиб бораётганини таъкидлаб, Трампни ижтимоий тармоқларда шошқалоқ постлар ёзиш ўрнига Европада аслида ким диктатор эканини фаҳмлашга чақирди.

“Агар сиз ижтимоий тармоқларда шошқалоқ постлар ёзмасангиз, реал дунёга диққат билан қарасангиз, балки Европада ким диктатура остида яшашга мажбур бўлганини кўрган бўлардингиз. Булар – Россиядаги одамлар, Беларусдаги одамлар”. Украиналиклар ҳар куни ўзларининг эркин демократияси учун курашади ва биз, европаликлар, демократик давлатларимизни биргаликда мустаҳкамлаш учун уларни Европа Иттифоқига борадиган йўлда қўллаб-қувватлаймиз”, деган Германия ТИВ раҳбари.

Европа Иттифоқи давлатлари эса айтилганидек, барча юкни ўз гарданига олиш йўлида амалий қадамлар ташлаш арафасида. Хусусан, “Euronews” хабарига кўра, улар Россияга қарши янги санкциялар пакетига рози бўлди. Бу Украинага Россия босқини бошланганидан буён киритиладиган 16-санкциялар пакети бўлади. Россияга қарши санкцияларнинг 16-пакети мамлакатнинг алюминий саноатига қаратилган ва улар нефть экспортига қўйилган чекловларни ҳам янада ошириши айтилди. Санкциялар яна 13 та банкка, Москва томонидан нефть хомашёси экспорти учун фойдаланиладиган соядаги 73 та танкерга ва Европа Иттифоқи мамлакатларига Россиянинг баъзи турдаги алюминий маҳсулотларини сотиб олишни тақиқлашга қаратилган. Бундан олдинги санкциялар транши эса икки ой илгари 2024 йилнинг 16 декабрида жорий этилганди. 15-пакет Россия Федерацияси томонидан нефть экспортини амалга оширадиган соядаги флотга қарши курашиш ва Россия ҳарбий-саноат комплексини заифлаштиришга қаратилганди. Шунингдек, “қора рўйхат”га Украина ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига путур етказувчи ёки таҳдид солувчи ҳаракатлар учун жавобгар бўлган Россия, Хитой ва КХДРдан 54 нафар шахс ва 30 та ташкилот киритилганди.

Зеленский Вашингтондан “кўнгил уза олмаяпти”

Украина ва АҚШ раҳбарлари ўртасида даҳанаки тортишувлар билан бирга параллел равишда босқинни якунлаш ишлари ҳам давом этяпти. Бу ҳозирча АҚШ Президентининг Украина ва Россия бўйича махсус вакили Кит Келлоггнинг фаоллигига таъсир қилмади. Музокаралар давом этмоқда. У Киевга Зеленский ва Трамп ўртасидаги жанжал авжига чиққан паллада ўзининг биринчи ташрифини амалга оширди. Келлогг Украина Қуролли кучлари Бош қўмондони Александр Сирский билан учрашгани айтилди. Бундан ташқари, АҚШ вакили разведка идоралари, махсус хизматлар раҳбарлари, ва Мюнхенда учрашган Украина Президенти девони раҳбари Андрей Ермак билан ҳам музокаралар ўтказган. Зеленскийнинг ўзи эса Келлоггни 20 февраль куни қабул қилди. Учрашув тафсилотлари эса кўпчиликни ҳайрон қолдирди, дейиш мумкин. Зеленский Келлогг билан музокараларнинг баъзи жиҳатларини очиқлар экан, Украина яна табиий бойликларига АҚШ томонидан сармоя киритилиши ва хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги янги келишувга тайёрлигини маълум қилди.

“Украина АҚШ Президенти билан сармоя ва хавфсизлик бўйича кучли, чинакам манфаатли келишувга тайёр. Биз натижаларга эришишнинг энг тез ва конструктив усулини таклиф қилдик. Бизнинг жамоамиз 24/7 ишлашга тайёр”, дейди Зеленский.

Украина етакчиси бу гапи билан шу ҳафта бошида амалга ошмаган, ўзи томонидан рад этилган келишувнинг янги ва Украина манфаатларига мос келувчи версиясини назарда тутди. Унинг қўшимча қилишича, ўзаро суҳбат давомида Украинанинг хавфсизлик кафолати ҳақида самимий суҳбат ҳам бўлиб ўтган. Ўз ўрнида Зеленский ҳам, Келлогг ҳам Х ижтимоий тармоғидаги саҳифаларида учрашув жуда ижобий ўтганини билдирди. Демак, АҚШ ва Украина ўртасидаги муносабатлар буткул орқага кетганича йўқ. Аслида йиллар давомида шаклланган бу муносабатлар бир ҳафтада бир томоннинг инжиқликлари билан барбод бўлиши имконсиз эди. Шунчаки Трамп ўз талабини ўтказишни ва АҚШ томонидан кўрсатилган ёрдамнинг бадалини ундиришни қаттиқ хоҳлади, холос. Ва бунга эришишга яқин турибди ҳам. Қисқа қилиб айтганда, айёр қария босқин остидаги Украинага “ўз рақамини ўтказа олди”. АҚШдаги юқори мартабали мулозимлардан бири, Миллий хавфсизлик бўйича президент маслаҳатчиси Майкл Уолтц ҳам катта ишонч билан Зеленский тез орада ҳафта бошида рад этган шартномани имзолашини маълум қилди. Кеча, 21 февраль куни Мэриленд штатида консерватив сиёсий ҳаракатлар конференциясида қатнашган Уолтц Трампнинг баъзи баёнотларини такрорлаган ҳолда, Европа давлатлари Украинага кўрсатган ёрдами эвазига Россиянинг қитъа банкларида музлатилган активларини гаров сифатида сақлаётганига ишора қилиб, АҚШга ҳам шу каби бадал тўланиши лозимлиги ҳақида гапирди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Мюнхен конференцияси Россия-Украина Европа етакчилари Украина масаласи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг