Европа Самарқанддан нима кутяпти?

Таҳлил

3-5 апрель оралиғида Самарқандда илк бор “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити бўлиб ўтади. Бу сиёсий тадбир учун катта ҳажмдаги тайёргарликлар амалга оширилди. Саммит муносабати билан Самарқанд шаҳрига кириш йўллари вақтинча ёпилиб, шаҳардаги айрим олий таълим муассасаларига 1-5 апрель кунлари қисқа муддатли ўқув таътили ҳам бериб юборилди. Бундай форматдаги саммит илк бор ўтказилмоқда  дейилишига сабаб эса, шу чоққача бу икки тараф ўртасидаги учрашувлар расмий жиҳатдан саммит мақомига эга бўлмаган. Бугунгача ЕИ ва МО ўртасида икки маротаба раҳбарлар даражасидаги учрашув бўлиб ўтган. Хусусан, 2022 йилнинг 27 октябрида Остона шаҳрида Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон раҳбарлари ҳамда ўша вақтдаги Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель иштирокида учрашув бўлиб ўтган. Шу даражадаги иккинчи учрашув эса 2023 йилнинг 2 июнь куни Иссиқкўлнинг шимолий қирғоғидаги Чўлпонота шаҳрида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров раислигида ўтказилган. Бир неча нашрларда мазкур ҳар икки учрашув ҳам саммит деб аталган бўлса-да, ЕИнинг расмий сайтида булар “раҳбарлар даражасидаги учрашув” дейилган ва Самарқандда ўтказилиши кутилаётган саммит биринчиси экани айтилган. Шунингдек, саммит якунида раҳбарлар қўшма баёнот беришлари кутилаётгани қайд этилган. Тадбир Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта, Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен иштирок этади ва Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон етакчилари иштирокида ўтказилади. Учрашувга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислик қилади. Таъкидланишича, саммит давомида Европа Иттифоқининг Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги мажбуриятини тасдиқлашни режалаштирмоқда. Музокараларда транспорт ва рақамли боғлиқлик, стратегик хомашё, иқтисодиёт ва хавфсизлик, экологик тоза ва самарали энергия манбаларига ўтиш каби ўзаро манфаатли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

АҚШга Самарқанддан “совға”

ЕИ ваколатхонаси “Геосиёсий ландшафт ўзгараётган шароитда – Россиянинг Украина билан ноқонуний тажовузкор уруши ва Афғонистондаги давом этаётган воқеалар фонида Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар тобора стратегик аҳамият касб этаётгани ҳақида баёнот берди. Аммо бу Иттифоқ расмийларининг Самарқандга ташрифи ва саммит доирасида қилган ягона мақсади эмас. Гап шундаки, қитъа етакчиларининг Самарқандга келиши нафақат Украина-Россия ва Афғонистон атрофидаги воқеалар, балки АҚШдаги янги маъмурият бир неча ой ичида Европага нисбатан мамлакат сиёсатини кескин ўзгартириш ҳаракатлари туфайли ҳам муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Самарқандда бўладиган саммитни Европанинг АҚШ божларига жавоб бериш стратегиясининг бир қисми деб атади. Унинг сўзларига кўра, жорий йилнинг 4 апрель куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити Европа Иттифоқининг хорижий ҳамкорлар билан савдо муносабатларини диверсификация қилиш стратегияси доирасида АҚШ божларига жавоб бериш элементларидан бири сифатида кўриб чиқилмоқда.

“АҚШ тарифларига жавоб стратегиямизнинг элементи савдони диверсификация қилиш бўлади. Савдо бизнес мавжуд бўлган жойга йўналтирилади. Европа аллақачон 76 мамлакат билан савдо битимларига эга ва Европа Иттифоқи бу тармоқни кенгайтирмоқда”, деди Урсула фон дер Ляйен.

Мирзиёевнинг умидлари

Мазкур саммитдан Президент Мирзиёевнинг ҳам ўз кутилмалари бор. У Самарқанддаги ушбу муҳим сиёсий тадбирдан нималарга умид қилаётгани ҳақида “Euronews” нашрига берган интервьюсида батафсил баён қилди. Мирзиёев бу саммит Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришда янги саҳифа бўлишини кутмоқда. У минтақа ва ЕИ ўртасидаги сиёсий мулоқот янада чуқурлашиши, ҳамкорликка янада тизимли тус берадиган, уни узоқ муддатли мақсадларга йўналтирадиган янги механизмлар ишлаб чиқилишига умид қилмоқда. Унинг сўзларига кўра, минтақалараро ҳамкорлик, айниқса, иқтисодиёт, савдо, энергетика ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорликни муҳокама қилиш саммит кун тартибидаги муҳим масалалардан бири бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Шавкат Мирзиёев Самарқанд Марказий Осиё – Европа Иттифоқи Самарқанд саммити

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг