Литвада йўқолган америкалик аскарнинг жасади топилди

Олам

image

АҚШнинг Европа ва Африкадаги қуруқликдаги қўшинлари қўмондонлиги Литвада ўтган ҳафтада ўқув машғулотлари пайтида бедарак йўқолган тўртинчи америкалик ҳарбий хизматчининг ҳалок бўлганини тасдиқлади. Бунгача тўрт нафар ҳарбийдан уч нафарининг вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Ҳодиса Пабраде яқинидаги генерал Жукаускас номидаги полигонда содир бўлган. Бу ҳақда қўмондонлик баёнотида келтирилган.

Баёнотда таъкидланишича, тўртинчи ҳарбий хизматчининг жасади кеча, 1 апрель куни полигон яқинида топилган. Уни қидиришда юзлаб америкалик, литвалик, польяк ва эстониялик мутахассислар қатнашган. Қидирув ишлари 7 кун давом этган.

Литва Президенти Гитанас Науседа ижтимоий тармоқдаги Х саҳифасида вазиятга муносабат билдирди.

“Бундай мураккаб шароитда бедарак йўқолган ҳарбийни излашда катта ҳаракат қилганларнинг барчасига чуқур миннатдорлик билдирамиз”, деб ёзди у.

Шунингдек, Президент ҳалок бўлган ҳарбийнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган.

Маълумот учун, жорий йилнинг 25 март куни АҚШнинг Европа ва Африкадаги қуруқликдаги қўшинлари тезкор бирлашмаси аскарларнинг йўқолгани ҳақида хабар берган эди. Дастлабки маълумотларга кўра, НАТО машғулотлари пайтида ҳарбийлар ғилдиракли ва ғилдираксиз зирҳли транспорт воситалари ёрдамида сув ҳавзасига тушиб кетган. Ушбу транспорт воситаси 31 март куни топилган.

Ҳолат юзасидан Литва Бош прокуратураси дастлабки терговни бошлаган. Литва Мудофаа вазири Довиле Шакалене эса бу вазият “бедарак йўқолган ҳарбийларнинг оилалари учун жуда нозик масала” эканини таъкидлаб, жамоатчиликни тинчликни сақлашга ва ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақирган.

АҚШ ва Литва Қуролли кучларининг қўшма машғулотлари НАТОнинг шарқий қанотидаги ҳарбий иштирокини кучайтириш доирасида ўтказилмоқда. Полигон Пабраде тумани ҳудудида, Беларусь чегарасидан 10 км масофада жойлашган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Литва америкалик аскар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг