“Свет” ва газнинг нархи қачондан ошиши ва эркин бўлиши айтилди
Жамият
−
04 Июль 2022
310132026 йилдан электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газнинг улгуржи бозорига ўтилади ва нархлар эркин белгиланади. Бу ҳақда бугун, 4 июль куни АОКАда ўтказилган брифингда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги бошқарма бошлиғи Қувончбек Мустафоев маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 31 май куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига қўйилган Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокамаси 15 июнга қадар давом этган. Ҳужжат лойиҳасига 1 100 дан ортиқ таклиф ва эътирозлар келиб тушган.
Маълумотга кўра, энг кўп таклифлар қиш мавсумида электр энергиясига (табиий газ учун ўрнатилгани каби) белгиланган ижтимоий меъёр шакллантириш бўйича юборилган.
“Таклифларнинг аксариятида ижтимоий меъёр киритилаётганига эътироз мавжуд эмаслиги, бироқ ижтимоий меъёр миқдорини ошириш зарурлиги билдирилган. Қарор лойиҳаси бўйича аҳоли томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, таклифларни инобатга олган ҳолда, ёқилғи-энергетика нархларини ўзгартиришга оид Вазирлар Маҳкамасининг қуйидаги қарори қабул қилинди. Қарор лойиҳаси билан жорий йилнинг 15 июлидан бошлаб аҳоли учун 1 клв соат электр-энергиясининг нархи ўзгаришсиз, яъни 295 сўм, 1 клв соат электр-энергияси Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари ҳамда бюджет ташкилотлари учун 800 сўм, бошқа юридик шахслар учун 600 сўм бекланиши назарда тутилган", дейди у.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги вакили сўзида давом этаркан, газ нархи ҳам аҳоли учун ўзгаришсиз қолишини маълум қилди.
"Аҳоли учун 1 куб метр табиий газ истеъмоли ўзгаришсиз, яъни 380 сўм, 1 куб метр табиий газ Навоий ва Олмалиқ кон- металлургия комбинатлари ҳамда бюджет ташкилотлари учун – 1 300 сўм, автомобилларни газ билан тўлдириш компресс станциялари учун – 1 150 сўм, Иссиқлик электр станциялари учун – 1000 сўм ҳамда қолган юридик шахслар учун – 1100 сўм этиб, суюлтирилган газ нархи эса аҳоли учун ўзгаришсиз, яъни 1120 сўм миқдорида белгиланиши назарда тутилган”, дейди Қувончбек Мустафоев.
Шунингдек, корхоналарни узоқ муддатли режалаштиришга мослаштириш, операцион самарадорликни ва энергия тежамкорликни ошириш мақсадида 2023 йил 1 апрелдан кучга кирадиган янги нархлар ҳам мазкур қарор билан белгилаб берилмоқда.
Маълумотга кўра, 2023 йил 1 апрелдан ўрнатиладиган ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархлари келгуси йилларда қайта кўриб чиқилишида инфляция даражасига индексация қилиб борилади. 2026 йилдан бошлаб эса электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газнинг улгуржи бозорига ўтилади ҳамда нархлар эркин шаклланади.
Қайд этилишича, муҳокамага чиқарилган қарор лойиҳаси бўйича аҳоли томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, қарор лойиҳасида аҳоли учун жорий этилиши назарда тутилган “ижтимоий меъёр”нинг жорий қилиниши мутахассислар томонидан қайта кўриб чиқилмоқда ва мазкур қарор билан аҳоли учун нархлар ўзгаришсиз қолдирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 31 май куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси жойлаштирилди. Қарорда 2022 йил 1 июлдан Ўзбекистон бўйлаб аҳолига газ ва электр энергияси учун “ижтимоий норма” жорий қилиниши ва нарх оширилиши таклиф қилинди.
Мазкур қарор лойиҳасида 2022 йил 1 июлдан бошлаб электр энергияси бўйича аҳоли учун ойига 250 кВт соатгача "ижтимоий норма" берилиши, 1 кВт 325 сўмга баҳоланиши, нормадан ошиқ истеъмол қилинган электр энергиясининг ҳар 1 кВт соати учун – 650 сўм тўланиши таклиф қилинган эди.
Табиий газ бўйича ўрнатиладиган тартиб иситиш мавсумини ҳисобга олиб , қуйидагича таклиф берилган эди:
аҳоли учун:
• 1 куб м табиий газ истеъмоли ойига иситиш мавсумида 700 куб метргача – 410 сўм, 700 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун – 1 200 сўм;
• иситиш мавсумидан ташқари даврда 200 куб метргача – 410 сўм, 200 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун – 1 200 сўмни ташкил қилади.
Суюлтирилган газ эса аҳоли учун – 1 600 сўм этиб белгиланиши таклиф қилинганди.