Суюнчи пули олишнинг тартиби қандай? Ўзбекистон БАА даражасига етадими?

Таҳлил 8225
image

Ҳаёт турли синовлар ва машаққатларга бой. Бундай қийинчиликларни енгиб ўтишда бизга энг зўр дастак – фарзандлардир. Улар туғилганда оиламизга беҳисоб шодлик олиб келади. Шодлигингизга шерик бўлиш учун ён-атрофингиздагилар қутлашади, совғалар беришади. Давлат ҳам ўз ҳиссасини қўшиш ниятида маълум миқдорда маблағ беради. Бу маблағ халқ орасида суюнчи пули, қонун бўйича бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа дейилади.

Хўш, бу нафақа қандай тартибда тайинланади?

Суюнчи пули бериш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 287-моддасига кўра, бола туғилганда бир йўла бериладиган нафақа тўланиши, ҳар бир туғилган бола учун бериладиган нафақа миқдори ва уни тўлаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилиши кўрсатилган. 

Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг 6-параграфига кўра, қуйидаги қоидалар белгиланган.

Ушбу нафақа энг базавий ҳсиоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида белгиланган. Бу тартиб ҳозирда янги кўринишга келган. 446 минг сўм миқдорида тўланмоқда (2020 йил 13 январь ҳолатига). Ишламайдиган ва ўқимайдиган ота-оналарга бола туғилганда, нафақа ижтимоий таъминот бўлимлари томонидан тайинланади ва тўланади. Ишлаётган ёки ўқийдиган аёлларга бу нафақа иш ёки ўқиш жойидан тўланади.

Суюнчи пулини етказиб бериш

Шу кунгача қўлланиб келинган амалиёт ўзини оқламагани сабабли ушбу нафақа Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари марказлари томонидан синов тарзида берилмоқда. Бола туғилганда марказда қайд этиш учун мурожаат қилинади. Бу вақтда суюнчи пулини олиш учун ҳам ариза топшириш мумкин бўлади.

2017 йил 13 март 2826-сон Президент қарорига асосан пенсия ва нафақалар Халқ банки биносида топширилади. Агар мустақил ҳаракатланиш имкониятига эга бўлмаган шахсларга Халқ банки сайёр кассалари томонидан бевосита улар яшайдиган манзилга етказиб берилади. Нафақаларни бериш ойнинг тўртинчи санасидан йигирма еттинчи санасигача амалга оширилади. Банк ходимлари ушбу ҳолатда ойнинг йигирманчи санасидан сўнг, навбатлар кам бўлишини ва ушбу санада келишни тавсия қилишади (Яқинда туғруқни бошидан кечирган оналарнинг соғлиғи навбатда туришни кўтармаслиги мумкин).

Хорижий давлатларда қандай?

Бирлашган Араб Амирлиги

Бирлашган Араб Амирлигида ўз фуқаролари ва уларнинг янги туғилган чақалоқларига нисбатан имтиёзлар мавжуд. Аввало, янги оила қурган келин-куёв (иккаласи ҳам амирлик фуқароси бўлиши лозим) БАА никоҳ фондидан   20 000 АҚШ доллари миқдорида кредит олиши мумкин. Бу кредитдан фарзанд кўришлари заҳоти воз кечилади. Бу ҳали фарзанд пули эмас. Фарзанд пули 50 000 доллардан 200 000 долларгача тўланади. Агар муҳтожлиги исботланса, уй ҳам берилади. Бу уй шайхлар яшайдиган сарой бўлмаса ҳам кичик вилла шаклида бўлади. Фуқароларнинг бу турдаги ижтимоий ҳимоясига сабаб амирликнинг туб аҳолиси камайиб бораётганидир. Ҳозирда туб аҳоли мамлакатда истиқомат қилувчиларнинг 10 фоизини ташкил этади, холос.

Норвегия

Бу давлат фуқаролари ҳам ўзига хос ижтимоий ҳимоя билан таъминланади. Агар она ҳомиладорлик таътилигача ишламаган бўлса, 5000 АҚШ долларигача маблағ берилади. Агар ишлаган аёл бўлса, бу жами даромадлар суммасидан келиб чиқиб ҳисобланади. Ҳомиладорлик, туғиш ва ундан кейинги тиббий хизматлар бепуллиги таъминланади.

Австралия

Янги дунё юзини кўрган австралиялик учун 4000 Австралия доллари (3000 АҚШ доллари) миқдорида нафақа берилади. Агар чақалоқлар сони 3 ва ундан ортиқ бўлса, бу сумма 16 ёшгача бериб борилади. 

Болали оилалар учун солиқ имтиёзлари белгиланган. Бундан ташқари, фарзанд учун турли миқдорда ижтимоий нафақалар бериб борилади. Бу нафақалар боланинг турли ёшида харажатига қараб, ўзгариб боради. Шунингдек,  Ҳукумат томонидан тасдиқланган рўйхат асосида турли хизматлар учун 50 фоиз миқдорда чегирмалар берилади (таълим, тиббий хизмат).

Қозоғистон

Бола туғилганда тўланадиган нафақа Қозоғистонда ҳам Ўзбекистондаги тартибга ўхшаш ҳолда, мамлакатдаги энг кам ойлик иш ҳақига мувофиқ тарзда амалга оширилади. Бироқ, биринчи, иккинчи ва учинчи фарзандлар учун тахминан 300 АҚШ доллари миқдорида тўланади. Тўртинчи фарзанддан кейин бу миқдор 500 АҚШ долларига айланади.      

Баҳодир Aҳмедов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 276
Рейтинг: 3
t
×