Суюнчи! Андижонда 5 нафар эгизак дунёга келди
Жамият
−
20:40 3304 1 дақиқа
Бугун, 6 июль куни Андижон шаҳар 2-сон туғуруқ мажмуасида 5 нафар эгизак дунёга келди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаев маълум қилди.
Унинг билдиришича, Андижон шаҳридаги “Қайрағочтош” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Наргиза Бекжонова бугун, 6 июль куни кўп ҳомилалик ташхиси билан 2-сон туғуруқ муассасасига қабул қилинган.
Унда муддатидан илгари туғуруқ ташхиси билан кесарча кесиш амалиёти бажарилган. Туғуруқ жараёни малакали акушер-гинеколог, неонатолог ва реаниматологлар томонидан муваффақиятли ўтказилган.
Маълум бўлишича:
- биринчи чақалоқ: қиз, вазни 1450 гр;
- иккинчи чақалоқ: ўғил, вазни 1605 гр;
- учинчи чақалоқ: қиз, вазни 1495 гр;
- тўртинчи чақалоқ: ўғил, вазни 1585 гр;
- бешинчи чақалоқ: қиз, вазни 1205 гр.
Ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида она ва чақалоқлар Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Андижон вилояти филиалига ўтказилган.
Билдирилишича, айни пайтда 5 нафар эгизак ва уларнинг онаси малакали тиббиёт ходимлари назоратида ўзларини яхши ҳис этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ходимининг оиласида 4 нафар эгизак фарзанд дунёга келганди.
Live
Барчаси