Сурхондарёнинг 4 туманига янги ҳокимлар тайинланди
Жамият
−
25 Январь 2023
13552Бугун, 25 январь куни Сурхондарё вилоятининг Термиз, Ангор, Музработ ва Жарқўрғон туманларига янги ҳокимлар тайинланди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Шу куни ўтказилган Халқ депутатлари Ангор тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Шоҳжаҳон Абдуллаев вазифасидан озод этилиб, унинг ўрнига Қосим Мардонов тасдиқланган. Бунга қадар Мардонов Вазирлар Маҳкамаси Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масалалари котибиятининг Қашқадарё ва Фарғона вилоятлари бўйича бош мутахассиси лавозимида ишлаб келаётган эди.
Қосим Мардонов 1975 йил 24 ноябрда Термиз туманида туғилган. 1997 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги иқтисодчи.
Шунингдек, шу куннинг ўзида Халқ депутатлари Термиз тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. Сессияда шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Шуҳратжон Ўринов вазифасидан озод этилди. Туман ҳокими лавозимига Шуҳрат Назаров тасдиқланди.
Шухрат Назаров 1968 йил 16 апрелда Шўрчи туманида туғилган. 1991 йил Тошкент халқ хўжалиги институтини, 2002 йилда Тошкент давлат юридик институтини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги иқтисодчи, ҳуқуқшунос.
Тайинловга қалар у Чирчиқ шаҳар Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаб келаётган эди.
Бундан ташқари, Халқ депутатлари Музработ тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида шу кунга қадар туман ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Абдурашид Ҳудаярович Исмаилов туман ҳокими лавозимига тасдиқланди.
Абдурашид Исмаилов 1977 йил 12 июлда Бойсун туманида туғилган. 2005 йил Термиз давлат университети, 2014 йил Тошкент молия институтини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги педагог, бюджет ҳисоби ва назорат-молия.
У 2022 йилдан буён Музработ тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.
Халқ депутатлари Жарқўрғон тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Баҳодир Ўроқов вазифасидан озод этилди. Туман ҳокими лавозимига Элмурод Рўзимуродович Авазов тасдиқланди.
Элъмурод Авазов 1988 йил 15 июлда Шеробод туманида туғилган. 2010 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги бухгалтерия ҳисоби ва аудит, давлат молиясини бошқариш.
У 2022 йилдан буён Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Савдо ва хизматлар инфратузилмасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил декабрь ойида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ишдан олиниб, унинг ўрнига Тошкент шаҳри прокурори Улуғбек Қосимов тайинланган эди.
LiveБарчаси