Сурхондарёда “Жиҳодчилар” экстремистик оқими аъзолари қўлга олинди
Жамият
−
09 Июнь 2020
21207Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани ҳудудида “Жиҳодчилар” экстремистик оқими фаолият олиб бораётгани маълум бўлди. жорий йилнинг 8 июнь куни вилоят ИИБ ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ушбу оқимнинг бир гуруҳ аъзоларининг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Экстремистик фаолиятга алоқадорликда гумон қилинаётган Бойсун туманида яшовчи бир гуруҳ фуқароларнинг яшаш манзилларида тинтув ва олиб қўйиш тергов ўтказилди. Оқибатда, уларнинг айримлари ўзларининг уяли алоқа воситалари ва компьютер қурилмалари хотирасида тақиқланган адабиётларни сақлаш ва тарқатиш орқали инсон онгини ёт ғоялар билан бузиб келаётганлиги маълум бўлган.
“Дастлабки текширувлар натижасида аниқланишича, экстремистик гуруҳнинг аъзолари меҳнат мигранти сифатида Россия Федерациясига бориб, у ерда ишлаши давомида халқаро террористик ташкилотларнинг ёт ғояларга ёлловчи ғоялари таъсирига тушиб, оқим ғояларини қўллаб-қувватлаб келган. Бундан ташқари, яшаш манзилларига келганларидан кейин ҳам туман ҳудудида “Жиҳодчилар” экстремистик оқимнинг яширин жамоатини тузиб, яқинлари орасида даъват қилиш ишларини олиб бориб, экстремистик руҳдаги материалларни тарқатиб келаётганлиги аниқланди”, дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, ҳозирда аниқланган материаллар юзасидан судга доир адабиётшунослик экспертизалари тайинланиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.