Сурхондарёда ёш боласини қийнаган отага ҳукм ўқилди
3-саҳифа
−
01 Февраль
9863Термизда ёш боласини уриб-сўкиб, унга шафқатсиз муносабатда бўлган ота 10 суткага қамалди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти судлари хабар берди.
Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судида 1981 йилда туғилган, беш нафар фарзанднинг отаси бўлган А.Э.га оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилган.
Суднинг қарорига мувофиқ, А.Э. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (ҳақорат қилиш) ва 59-2-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, унга МЖтКнинг 34-моддасига (бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўлланиш) асосан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ижтимоий тармоқда ота ёш боласини уриб, унга шафқатсиз муносабатда бўлаётгани акс этган видео тарқалган эди.
Шундан сўнг, мазкур ҳолат Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан ўрганилиб, воқеа Термиз шаҳрида содир бўлгани ҳамда зўравон отага нисбатан қонуний қарор қабул қилиниши ва бу ҳақида қўшимча маълумот берилиши айтилди.
Маълум қилинишича, Термиз шаҳрининг “Темирйўлчи” маҳалласида яшовчи 42 ёшли эркак 2024 йил 28 январь куни яшаш уйида 4 ёшли ўғлини қўпол сўзлар билан ҳақорат қилиб, енгил тан жароҳати етказган. Бунга боланинг ҳар куни дўконга олиб боришини ҳамда турли хил ширинлик ва ўйинчоқлар олиб беришини сўрагани сабаб қилиб келтирилган.
LiveБарчаси