Сурхондарёда солиқчига тузлама сувини сепган сотувчи аёллар жазоланди

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятининг Узун туманидаги бозор атрофида салат сотаётган сотувчи аёллар ва Солиқ инспекцияси ходими ўртасида жанжал чиққани ҳақида хабарлар ва воқеа тасвирланган видео тарқалди. 

Видеода инспекция ходими аёллардан салат солинган тоғорани тортиб олишга урингани, бироқ сотувчилар бунга қарши чиққани ва бир тоғора салат ерга тўкилиб кетганини кўриш мумкин. Шундан сўнг сотувчи аёллардан бири шу атрофда турган челак ичидаги салат сувини cолиқ инспекцияси ходимининг устига сепиб юборади. 

Ҳолат ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Сурхондарё вилояти солиқ бошқармаси томонидан хизмат ўрганиши тайинланди. 

Билдирилишича, Сурхондарё вилояти солиқ бошқармаси Шахсий хавфсизлик бўлими ходимлари томонидан ўтказилган хизмат ўрганиши натижасида мазкур ҳолат жорий йилнинг 12 март куни Узун тумани Баҳористон маҳалласи ҳудудида содир бўлгани аниқланган. Солиқ инспекцияси ходимлари томонидан савдо қилиш учун белгиланмаган жойларда ноқонуний фаолиятнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар белгиланган тартибларга асосан ўтказилган.

“Тадбир давомида мутасаддилар томонидан кўп маротаба огоҳлантиришларга қарамай, қонунга зид ҳамда антисанитария ҳолатида савдо фаолиятини давом эттириб келаётган фуқаролар Ш.Т. ҳамда С.Т. солиқ инспекцияси ходими Ф.Эргашевнинг ноқонуний савдо фаолиятини расмийлаштириш талабига қаршилик кўрсатиб, жанжал кўтаришган ва давлат хизматчисини обрўсизлантиришга ҳаракат қилишган”, дейилади солиқ бошқармаси баёнотида.

Ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Узун тумани судининг қарорига асосан сотувчи аёллар Ш.Т. ҳамда С.Т. га нисбатан маъмурий тартибда чора кўрилган. Улар 1 млн 20 минг сўм миқдорида жаримага тортилган.

Бундан ташқари, Сурхондарё  вилояти солиқ ходимлари орасида йиғилиш ўтказилиб, ҳар бир ходим давлат хизматчисининг Ички меҳнат тартиб ва одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя қилиши юзасидан огоҳлантирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурхондарё бозор Узун

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг