Сурхондарёда Nexia’ни йўловчи поезди уриб кетди
Жамият
−
21 Сентябрь 2023
10709Сурхондарё вилоятидаги темир йўлнинг қўриқланмайдиган кесишмасидан ўтаётган Nexia’ни йўловчи поезди уриб кетди. Бу ҳақда Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 17 сентябрь куни 42 ёшли А.Ў. бошқарувидаги Nexia'да “Зартепа-Сурхон” бекатлари оралиғида жойлашган қўриқланмайдиган темир йўл кесишмасидан ўтаётган вақтида эҳтиётсизликка йўл қўйган. Оқибатда машина Сариосиё-Термиз йўналишида ҳаракатланаётган йўловчи поезди билан тўқнашган.
Мазкур ЙТҲ оқибатида Nexia ҳайдовчиси турли даражадаги тан жароҳатлар билан Жарқўрғон туман тез-тиббий ёрдам марказий шифохонасига ётқизилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятидаги Бувайда ва Қўқон темир йўл станциялари оралиғида ГАЗ-53 русумли юк машинаси ва йўловчи поезди ўртасида йўл-транспорт ҳодисаси юз берган эди. Ҳодиса оқибатида юк машина ҳайдовчиси Т.С. воқеа жойида вафот этганди.