Сурхондарё, Навоий ва Бухорода 36 бемор коронавирусдан соғайди

Жамият 4738
image

Бугун, 25 апрель куни Сурхондарё вилоятидан 3 нафар, Навоий вилоятидан 1 нафар бемор буткул соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Сурхондарёда тузалганлардан бир  нафари Қорақалпоғистон Республикасидан, бир  нафари Самарқанд ва яна бир нафари Наманган вилоятидан. Уларнинг барчаси (эркаклар) жорий йил 27 март куни Москва – Термиз йўналишида чартер рейс билан келишган ва карантинга олинган. Уларда коронавирус инфекцияси аниқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Навоийда тузалган бир нафар (эркак) бемор Тошкент шаҳридан бўлиб, коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Ҳар икки вилоятдаги 4 нафар фуқаролар орасида энг ёши каттаси 39 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 19 ёшда.

Бундан ташқари, Бухоро вилоятида ҳам бир йўла 32 нафар бемор коронавирусдан тўлиқ соғайди. Уларнинг 22 нафари вилоят кўп тармоқли марказидан, 10 нафари юқумли касалликлар шифохонасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Шифо топганларнинг 30 нафари Россиядан, 1 нафари эса Туркиядан  чартер рейслар орқали Бухорога олиб келинган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, тиббиёт муассасаларига жойлаштирилган. 1 нафар бемор коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, инфекция юқтириб олган. Улардан 28 нафари эркак, 4 нафари аёл. Беморларнинг 6 нафари Андижон вилоятидан, 5 нафари Тошкент вилоятидан, Қашқадарё, Бухоро ва Наманган вилоятларидан 3 нафардан, Сурхондарё, Сирдарё, Самарқанд, Жиззах вилоятлари ва Тошкент шаҳридан 2 нафардан, Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятидан эса 1 нафардан. Улар орасида энг ёши каттаси 74 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 15 ёшда.

Бухоро вилояти бўйича шу пайтга қадар 178 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 210  нафарга етди. Юртимизда беморларнинг соғайиб чиқиши бўйича Тошкент шаҳридан кейин энг юқори кўрсаткич Бухоро вилоятидан қайд этилмоқда. 

Ҳозирда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан соғайган беморлар 657 нафарни ташкил этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача 1836 кишида коронавирус аниқланди. Бугунгача беморларнинг 8 нафари вафот этган.

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг,  #UydaHayotBor

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 88
Рейтинг: 2.9
t
×