Суриядаги террор ташкилот фаолиятида иштирок этган андижонлик йигит қамалди (видео)
3-саҳифа
−
14 Июнь 2023
68872018 йилда Суриядаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террористик ташкилоти фаолиятида иштирок этган андижонлик йигит қуролли тўқнашувлар вақтида вафот этди. Унинг укасига эса Ўзбекистонда суд ҳукми ўқилиб, у 10 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Андижон вилояти Андижон шаҳрида яшовчи 1997 йилда туғилган шахс 2017 йилнинг июнь ойида ишлаш мақсадида Туркиянинг Истанбул шаҳрига бориб, савдо дўконида сотувчилик билан шуғулланади. Орадан бир йил ўтиб, унинг олдига акаси боргач, улар бирга ишлай бошлайди.
1995 йилда туғилган ака ўз укасини тўғри йўлдан адаштириб, унга террористик ташкилотлар ва диний экстремистик оқимларнинг ғоявий раҳнамолари бўлган С.С., А.З., А.Б. ларнинг маърузаларини тарғиб қилади ҳамда Сурия давлатига бориб, жиҳод қилиш лозимлигини айтади.
2018 йилнинг куз ойларида ака, кейинроқ ука Сурия давлатидаги террористик ташкилот сафига бориб қўшилади. Бироқ қуролли тўқнашувлар вақтида уларнинг каттаси аянчли ўлим топади.
Бу вақтда эндигина жанговор тайёргарликдан ўтиб бўлган ука ўз акасининг жасадини топиб қабрга қўяди.
“Ўша пайтлари террористик ташкилотлар ўртасида юзага келган келишмовчиликлар, амир бўлиш учун етакчиларнинг ўзаро низоларга киришишларини кўриб, хафсаласи пир бўлган андижонлик йигит онаси юборган пуллар ёрдамида Туркияга қайтиб ўтади. Кейинроқ бир муддат Қирғизистонда бўлиб, сўнгра Қозоғистонга борган ва ушбу давлатнинг сохта фуқаролик паспортини олган мазкур шахс ҳужжатни қалбакилаштиргани учун ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ушланиб, жиноий жавобгарликка тортилади”, дейилади хабарда.
У жазо муддатини ўтаб бўлгач, Ўзбекистонга депортация қилинади.
Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг ҳукмига кўра, “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террористик ташкилоти фаолиятида иштирок этган ушбу фуқаро Жиноят кодексининг 155-2 ва 244-2-моддалари билан айбли деб топилиб, унга нисбатан 10 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда тақиқланган диний ташкилотларнинг материалларини тарғиб қилишда айбдор деб топилган қашқадарёлик йигит 6 йилга қамалган эди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан экстремизм ва терроризм ғоялари билан йўғрилган деб топилган мамлакат ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш ва намойиш этиш тақиқланган материаллар рўйхати эълон қилинган эди.
LiveБарчаси