Сурия Туркиядан ёрдам сўради
Олам
−
23 Июль 10975 2 дақиқа
Суриялик расмийлар Туркиядан ўз мудофаа салоҳиятини кучайтириш ва террорчиликка қарши курашиш бўйича расмий ёрдам сўради. Бу ҳақда Туркия Мудофаа вазирлигидаги манбаларга таяниб, TRT Haber телеканали хабар берди.
“Суриялик расмийлар Туркиядан расмий равишда ёрдам сўради – бу ёрдам, асосан, мудофаа имкониятларини мустаҳкамлаш ва ИШИД бошчилигидаги террористик гуруҳларга қарши курашиш бўйича бўлади”, дейилади хабарда.
Туркия Мудофаа вазирлиги эса Сурияга ёрдам бериши ва мамлакатни доимгидек қўллаб-қувватлашини билдирган.
“Туркия Суриянинг ҳудудий яхлитлигини сақлаш, мамлакатда барқарорликни таъминлаш ва террорчи ташкилотларга қарши курашиш масалаларида қатъий позицияда қолмоқда”, дейилади хабарда.
ОАВлар ҳозирча Сурияга қандай услубда ёрдам кўрсатилиши, мамлакат ҳудудига қўшин киритиш имконияти ҳақида аниқ маълумот бермаган.
Суриядаги жанглар
13 июль куни Суриянинг жанубидаги Сувайда вилоятида друзлар ва бадавийлар ўртасида тўқнашувлар бошланди. Можарога бир друз савдогарининг калтакланиб, ўғирлаб кетилиши сабаб бўлди. Бу воқеа зўравонлик авж олишига олиб келди. 14 июль куни Сурия ҳукумати Сувайда шаҳрига қўшин киритди.
Шундан сўнг, можарога Исроил ҳам аралашиб, Дамашқдаги Сурия ҳарбий объектларига ҳаво ҳужумлари уюштирди. 16 июль куни Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Дамашқдаги Президент саройи, Бош штаб ва Мудофаа вазирлигига ҳужум қилди. Шу куни маҳаллий гуруҳлар воситачилигида Сувайдада яна сулҳга эришилди, бироқ бунга параллел равишда Исроил авиацияси пойтахт ва Дараа шаҳрига зарбалар берди.
Маълумот учун, друзлар ўзига хос араб тилида сўзлашувчи этно-конфессиявий гуруҳ бўлиб, уларнинг вакиллари Сурия, Ливан, Исроил ва Иорданияда яшайди. Сурияда 700 минг друз истиқомат қилади, бу уларни курдлар ва алавийлардан кейин мамлакатдаги учинчи йирик диний ва этник озчилик қилади.
Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваториясининг сўнгги маълумотларига кўра, Сувайдадаги зўравонликларда камида 718 киши ҳалок бўлган. Суриялик инсон ҳуқуқлари фаоллари 146 друз жангчиси ва 245 тинч аҳолининг ўлимини қайд этган. Бундан ташқари, Сурия армиясининг 287 аскари ва 18 бадавий жангчиси, шунингдек, уч бадавий ҳалок бўлди. Қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари марказининг маълум қилишича, Исроил ҳаво ҳужумларида яна 15 нафар суриялик аскар ҳалок бўлган.